Жаҳон | 21:31 / 21.05.2021
5528
2 дақиқада ўқилади

Тўқаев ЕОИИ мамлакатлари учун ички бозорда чекловлар бўлмаслиги кераклигини айтди

Тўқаевнинг сўзларига кўра, ички бозорни ҳимоя қилиш бўйича чеклов чоралари агросаноат мажмуаси ривожини тўхтатиб қўйиши ва озиқ-овқат тақчиллигига олиб келиши мумкин.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Евросиё олий иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида ЕОИИга аъзо мамлакатлар ички бозоридаги чекловлар борасида сўз юритди.

Унинг сўзларига кўра, инқироздан кейинги тикланиш йўлида локдаунлар даврида ўзаро савдода сони сезиларли даражада ошган тўсиқлар муаммосини тизимли равишда ҳал қилиш зарур.

"Мазкур чекловлар савдо-иқтисодий муносабатлар ривожланишига зарар етказмоқда, ўсиш ва ривожланиш салоҳиятини чекламоқда. Қозоғистон иттифоқнинг бошқа аъзолари каби бозорнинг барча иштирокчилари учун тенг ва камситмайдиган шароитлар яратилиши тарафдоридир. Комиссиянинг тўсиқларга қарши кураши доимий, аммо уни жуда самарали деб бўлмайди", – деб таъкидлади Қозоғистон президенти.

Тўқаевнинг айтишича, ҳар бир мамлакат озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш салоҳиятига эга. Шу билан бирга, ички бозорни ҳимоя қилиш бўйича чеклов чоралари агросаноат мажмуаси ривожини тўхтатиб қўйиши ва озиқ-овқат тақчиллигига олиб келиши мумкин.

"Албатта, айрим ҳолларда вақтинчалик чекловлар қабул қилинишини оқлаш мумкин. Аммо шу билан бирга, бундай чекловлар иттифоқ мамлакатларига нисбатан қўлланилмаслиги керак, деб ҳисоблайман", – деди Қосим-Жўмарт Тўқаев.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 21 май куни видеоконференция шаклида Евросиё олий иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Арманистон бош вазири вазифасини бажарувчи Никол Пашинян, Беларусь президенти Александр Лукашенко, Россия президенти Владимир Путин, Куба президенти Мигел Диас-Канел Бермудес, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ва Евросиё иқтисодий комиссияси раиси Михаил Мясникович иштирок этди.

Анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистон президенти ЕОИИга аъзо давлатлар ўртасида мунтазам авиақатновларни тиклашни таклиф қилди.

Мавзуга оид