Жамият | 19:31 / 22.05.2021
30740
4 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар ИИББ ходими хизмат машинасида жиддий ЙТҲ содир этди

Гувоҳларнинг айтишича, Nexia-3 русумли хизмат машинасидаги ходимлар маст ҳолда бўлишган. Spark'даги йўловчилар жиддий жароҳат олгани, улардан бири комада экани айтилмоқда.

Фото: Видеодан кадр

Facebook'да тунги пайтда бир автомобилнинг қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб, рўпарадан келаётган машина билан тўқнашгани акс этган видео пайдо бўлди.

Пост муаллифининг маълум қилишича, ички ишлар тизимига тегишли Nexia-3 русумидаги хизмат автомобили қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб, Бўстонлиқдан Тошкент шаҳрига қайтаётган Spark русумли машина билан тўқнашган. Видео Spark'даги видеорегистраторга ёзиб олинган.

Хабар муаллифи Тимур Турсунов хизмат машинасидаги ходимлар маст бўлганини айтмоқда. У ходимлар неча нафар бўлганига аниқлик киритмаган. Таъкидланишича, Nexia билан тўқнашган Spark автомашинаси йўловчилари жиддий жароҳат олган ва улардан бирининг аҳволи оғир.

Жароҳатланганлар шифохонага етказилишидан олдин ва ундан кейин ҳам ЙТҲ қай тарзда ва кимнинг айби билан содир бўлгани бўйича ҳеч қандай ҳужжат расмийлаштирилмаган. Шу билан бирга, Nexia-3 автомобилида бўлган шахслар спиртли ичимлик ичган ёки ичмагани бўйича экспертизадан ўтмаган, аксинча, жабрланувчилардан экпертиза учун намуна олинган ва уларнинг қонида алкогол аниқланмаган.

Шунингдек, хабар муаллифи ИИББ ходимлари бу ишни яширишга уринаётгани ва жабрланганларга босим ўтказилаётгани ҳақида ёзиб, жамоатчиликдан адолат қарор топишида ёрдам сўраган.

Аммо, ҳодиса акс этган видеоёзувга эътибор қаратилса Spark автомобили ҳайдовчиси ўз йўналишида пайдо бўлган хавфдан саросимага тушгани ва йўналишини дарҳол қарама-қарши томонга буриб юборганини, айни шу вақтда Nexia-3 ҳам ўз йўналишига қайтгани ортидан мазкур тўқнашув содир бўлганини кўриш мумкин.

Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати ЙТҲга учраган автомашина ушбу бошқармага тегишли экани ва рулда ички ишлар ходими бўлганини тасдиқлади.

«Ҳақиқатдан, 16 май куни тахминан соат 04:00ларда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида салонида Тошкент шаҳар ИИББ ходими Х.Ш. бўлган Nexia-3 русумли Тошкент шаҳар ИИББ хизмат автомобили (давлат рақами 01 924 VSC) иштирок этган.

Ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон ИИВ Ўз хавфсизлик бошқармаси томонидан ходимга нисбатан хизмат текшируви ўтказилмоқда. Прокуратура томонидан содир бўлган ЙТҲ юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Текширув давомида суд-тиббиёт экспертизаси ва бошқа бир қатор экспертизалар тайинланган. Текширув якунига кўра, Х.Ш.нинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади», – дейилади ИИББ хабарида.

Қайд этилишича, ЙТҲ сабабчиси бўлган ходим айни пайтда хизмат вазифаларини бажаришдан четлаштирилган.

Пойтахт ИИББ ўз ахборотида жабрланувчиларнинг аҳволи ҳақида маълумот бермаган.

Шунингдек, автомобиль салонида бўлган бошқа ички ишлар органлари ходимларининг шахсига ҳам аниқлик киритилмаган.

Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХББ матбуот хизмати раҳбари Музифа Султонованинг Kun.uz'га маълум қилишича, бу маълумотлар терговга қадар текширувдан кейин очиқланади.

Аввалроқ Чироқчида ИИБ ходими мактаб ўқувчисини шахсий машинасида уриб кетган, Фарғонада миллий гвардия ходими хизмат машинасида уриб юборган шахс вафот этганди.

Мавзуга оид