Бутун дунёда интеллектуал мулк қимматли нарса, деб эътироф этилади. Машҳур бренд эгалари, бестселлер асар муаллифлари, ихтирочиларнинг миллиардер экани ҳақида кўп кинолар кўрганмиз, уларнинг мотивацион асарларини ўқиганмиз.

Хўш, Ўзбекистонда ҳам шундайми? Асарларини севиб ўқиган муаллифларимиз, ихтиролар қилган одамлар бойми? Бренд эгалари ўзларининг товари орқасидан миллиардер бўлиб кетишяптими? Жавоб беришга қийналамиз. Нега бизда ҳамма интеллектуал мулк эгалари ҳам бой эмас? Юридик фанлар бўйича фалсафа доктори, интеллектуал мулк ҳуқуқи бўйича мутахассис Абдумўмин Йўлдошев билан айни мавзуда суҳбат уюштирдик. Қуйида суҳбатнинг асосий қисмларини ва суҳбатдошимизнинг фикрларини келтирамиз.

Интеллектуал мулкдан фақат эгаси эмас, жамият ҳам фойда олади

Интеллектуал мулк инсоннинг ижодий тафаккури билан яратиладиган нарса ҳисобланади. Улар турли саноат мулки объектлари ёки муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимоя қилинадиган асарлар бўлиши мумкин. Инсон ҳаёти тўлалигича интеллектуал мулклардан иборат. Бу шундай мулкки, ундан фақатгина эгаси эмас, балки жамият ҳам манфаатдор бўлади. Масалан, бирор ихтиро жамият тараққиёти учун хизмат қилиши мумкин.

Интеллектуал мулкнинг аҳамияти йилдан йилга ошиб бормоқда. Статистик маълумотларга кўра, 1970 йилларда жаҳонда номоддий активларнинг улуши бор-йўғи 17 фоизни ташкил қилган бўлса, 2020 йилда уларнинг улуши 90 фоиздан ошиқни ташкил қилган. Пандемия интеллектуал мулкка бўлган талабни ошириб юборди. Масалан, ўтган йил бошида турли давлатларда локдаунлар эълон қилина бошлагач, февралнинг бир ҳафтасида 2019 йилнинг бутун даврига нисбатан дастурий таъминот маҳсулотларини юклаб олиш 80 фоизга ошган.

Муҳофаза жойида, лекин ҳимоя оғриқли масала

Интеллектуал мулк ҳуқуқи билан боғлиқ иккита тушунчани аниқлаштириб олиш керак: муҳофаза ва ҳимоя. Муҳофаза бирор интеллектуал мулкни яратиб, уни рўйхатдан ўтказишгача бўлган жараён. Масалан, ихтиро яратилса, Интеллектуал мулк агентлигида патентланади ва муҳофазага олинади. Ҳимоя эса ундан кейинги жараён. Кимдир интеллектуал мулкдан берухсат фойдаланса, интеллектуал мулк ҳимоя қилинади.

Ўзбекистонда интеллектуал мулк муҳофазаси яхши ташкил қилинган: интеллектуал мулк экспертизаси ва бошқа тартиблар яхши ташкиллаштирилган. Бироқ интеллектуал мулк ҳимояси оғриқли масала бўлиб қолмоқда. Ҳозиргача интеллектуал мулк ҳуқуқи ҳимоясига оид суд амалиёти тўлақонли шаклланмаган. Тўғри, товар белгилари билан боғлиқ тажриба бор, лекин муаллифлик ҳуқуқи ва саноат мулки объектлари билан боғлиқ амалиёт жуда кам.