Саёҳат қилишни севувчи ёки дунё кезишни орзу қилган киши борки, саёҳати қийинчиликсиз ва хавфсиз ўтишини истайди. Бироқ баъзи давлатлардаги мавжуд виза режими саёҳатчилар учун айрим муаммоларни юзага келтириши мумкин.

Аммо дунёда шундай визалар ҳам борки, биргина визанинг ўзи бир неча давлатлараро ортиқча ҳужжатларсиз ҳаракатланиш имконини беради. Шундай визалардан бири Шенген визасидир. UzbekLifе ушбу мақола орқали мазкур виза ҳақида атрофлича маълумот беради.

Франция ва Германия томонидан дастлабки қадам

Европа давлатлари ўртасидаги фуқароларнинг эркин ҳаракатланиши концепцияси тарихи ўрта асрларга бориб тақалади. Бироқ ушбу концепция амалга оширилиши Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврга тўғри келди. 1984 йил 17 июнда Франция ҳамда Германия Федератив Республикаси ўртасида Фонтейнблау шаҳрида икки мамлакат фуқароларининг эркин ҳаракатланишига имкон берувчи шартнома тузилади.

Кейинчалик ушбу шартнома 1985 йилнинг 14 июнида, Германия Федератив Республикаси, Белгия, Нидерландия ҳамда Люксембург давлатлари томонидан Люксембург жанубидаги Мозелл дарёси бўйидаги кичик қишлоқчада имзоланиб, унинг шарафига шартнома Шенген (Сченген) номи билан аталди.

1985 йил 14 июнь – Катерине Лалумер (Франция), Валдемар Шрекенбергер (ГФР), Пол Де Кирсмекер (Белгия),
Роберт Геббелс (Люксембург) ҳамда Уим ван Эекелен (Нидерландия) томонидан Шенген шартномаси имзоланмоқда.

Мазкур шартноманинг тузилишидан асосий кўзланган мақсад давлатлар орасидаги чегараларда ҳужжат текширувларига чек қўйиш эди.

Люксембургдаги Шенген шартномаси шарафига қўйилган монумент

Беш йилдан сўнг, аниқроғи, 1990 йилнинг 19 июнига келиб, Шенген келишувининг аниқ вазифаларини белгилаб берувчи Конвенция имзоланади. Унга кўра, аъзо давлатлар орасидаги ўзаро ички чегара назорати бекор қилиниб, ташқи чегаралар назоратига урғу берилди.

Шунингдек, Шенген Ахборот Тизими – SIS (Shengen Information System) барча аъзо давлатлар учун умумий бўлган маълумотлар базаси ташкил этилиб, ягона шаклдаги виза ишлаб чиқилиши йўлга қўйилди. Бундан ташқари, иммиграция ҳамда ички назоратчилар орасида узвий ҳамкорлик тизими ташкил этилди.