Ўзбекистон фуқаролари учун Шенген визаси кўпинча қийин ва тушунарсиздек кўринади: қоидалар, талаблар ва одамни чалкаштирадиган майда-чуйда жиҳатлар жуда ҳам. Аммо визага топшириш мантиғини тушуниб, консуллик учун айнан нималар муҳим эканини билиб олсангиз, бу жараён анча осон кечади. Ушбу мақолада Шенген визасига ариза топширишнинг барча асосий жиҳатлари — мамлакат танлашдан тортиб ҳужжатларни тайёрлаш, расмийлаштириш муддати ва нархигача батафсил кўриб чиқамиз. Мисол сифатида Испанияни оламиз ва унинг асосида визага ариза топшириш бўйича босқичма-босқич йўриқнома берамиз.

Шенген визаси нима?

Шенген визаси бир вақтнинг ўзида Европанинг бир неча мамлакатларига кириш имконини беради. Битта виза билан Шенген ҳудудининг барча мамлакатлари бўйлаб саёҳат қилишингиз мумкин.

Шенген ҳудудига кирувчи мамлакатлар рўйхати

Қайси турдаги виза керак?

Ўзбекистон фуқаролари учун бу, қоидага кўра, C туридаги қисқа муддатли виза бўлиб, у туризм, меҳмонга бориш ёки қисқа муддатли хизмат сафарлари учун олинади. C туридаги Шенген визаси бир марталик, икки марталик ва кўп марталик (мултивиза) бўлади — фарқ киришлар сонида.

  • Бир марталик виза —Шенгенга бир марта кириш. Аниқ муддатли бир марталик сафарга мос келади. У биринчи аризадаёқ берилиши мумкин.
  • Икки марталик виза — икки марта кириш. Шенгендан чиқиш ва яна қайтиб кириш режалаштирилган ҳолатлар учун қулай.
  • Мултивиза — виза амал қилиш муддати давомида 180 кун ичида 90 кун қоидасига риоя қилган ҳолда Шенгенга бир неча марта кириш имконини беради.

Шу билан бирга, бошқа турдаги визалар ҳам мавжуд — барчаси сафар мақсади ва давомийлигига боғлиқ. Ўқиш ёки расмий ишлашни режалаштираётганлар D туридаги миллий визани расмийлаштирадилар. Бундай визалар кам берилади, чунки улар таклифнома, тасдиқланган асослар ва ҳужжатларни синчиклаб текширишни талаб қилади.

Умуман олганда, Ўзбекистон фуқароларидан тушадиган аризаларнинг аксарияти айнан туризм ва меҳмонга бориш сафарларига тўғри келади, шу боис C туридаги Шенген визаси энг кенг тарқалган вариант бўлиб қолмоқда.

Шенген визасини расмийлаштириш неча пул?

Ўзбекистонда C туридаги Шенген визасини расмийлаштириш ўртача 100–150 евро атрофида бўлиб, бунда якуний нарх танланган визa марказига боғлиқ. Нарxга ҳужжатларни топшириш усули ва танланган қўшимча хизматлар — масалан, тезкор навбат, анкета тўлдиришда ёрдам, суратга тушиш, ҳужжатларни нусхалаш ёки паспортни етказиб бериш хизмати таъсир қилади.