07:10 / 25.05.2021
6563

Ҳиндистонда «сариқ моғор» билан касалланиш қайд қилинди

Ҳиндистонда «қора» ва «оқ моғор» билан касалланиш ҳолатлари ортидан Ғозиобод шаҳрида «сариқ моғор»дан илк касалланиш ҳолати қайд қилинди.

The Economic Times нашрининг хабар беришича, бундай биринчи ҳолат ҳақида маҳаллий оториноларинголог Б.П.Тяги маълум қилган. Унинг айтишича, одатда судралиб юрувчи жонзотларда кузатилувчи ушбу касалликнинг одамларда учрашига биринчи марта тўқнаш келмоқда.

Шифокорнинг таъкидлашича, замбуруғ билан касалланган бемор нимжонлик ва ланжликдан, иштаҳаси йўқлигидан шикоят қилган. Эътиборлиси, бемор текширилганда у бирданига уч турдаги замбуруғли касаллик — «қора, оқ» ва «сариқ моғор» билан касаллангани аниқланган.

Тягининг таъкидлашича, бемор икки ой давомида коронавирусдан даволанган ва саломатлиги яхшилана бошлаган. Бироқ 4 кун аввал юзининг ўнг томони бирданига шишиб, бурнидан қон кета бошлаган.

«Эндоскопиядан кейин у 3 турдаги – ‘қора, оқ’ ва ‘сариқ моғор’ юқтириб олганини аниқладик. Бу одатда судралиб юрувчиларда учрайди. Мен уни биринчи марта одамда учратишим», деб айтган шифокор.

Аввалроқ Ҳиндистонда «қора моғор» — мукормикоз билан касалланганлар сони 9 мингга яқинлашиб қолгани маълум қилинган. Ушбу замбуруғли касаллик коронавирусдан соғайганларда қайд қилинмоқда. Уларда касалликнинг пайдо бўлишига коронавирусни даволашда қўлланувчи стероидлар сабаб экани айтилмоқда. Касаллик коронавирусдан соғайгандан 12-18 кундан кейин аниқланмоқда. Барча касалланганлар диабетиклар бўлган ва улардан бирортасининг қонидаги шакар миқдори меъёрида бўлмаган.

Бундан ташқари, Ҳиндистонда «қора моғор» фонида «оқ моғор» инфекцияси пайдо бўлган. Бурун бўшлиғи ва ўпкани ишдан чиқарадиган «қора моғор»дан фарқли ўлароқ, «оқ моғор» хавфлироқ ҳисобланади ва организмнинг умумий ҳаёт фаолиятига таъсир кўрсатади.

Top