Тошкентда Экспортчилар уюшмаси ва бизнесни ривожлантириш уюшмалари томонидан ташкил этилган «Tashkent International Business Hub» ўз ишини бошлади, дея хабар берди Kun.uz мухбири. 

Бинзес ҳабда Қирғизистондан келган йирик инвестор ва бизнесменлар иштирок этмоқда, улар ўзбекистонлик тадбиркорлар ва инвесторлар билан Б2Б учрашувлар ўтказади ва шу ернинг ўзида шартномалар имзолайди.

Иқтисодиёт ассамблеяси раиси Мухтор Умаровга кўра, бундай лойиҳа илк марта пилот режимида амалга оширилмоқда ва унинг мақсади Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг ўртасида жойлашган давлат сифатида бизнес марказига айлантиришдир.

«Ушбу бизнес ҳаб бундай форматдаги илк йиғилиш. Aсосий мақсад кичик ва ўрта бизнес кесимидаги тадбиркорларнинг ҳамкорликлари учун платформа яратиш. Мана шу платформа орқали улар бир-бирларини топади, музокаралар олиб боради, ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш учун платформа яратиш асосий мақсад. 

Буни биринчи марта пилот усулида қиляпмиз. Ушбу йиғилишимиз муваффақиятли бўлса, кенгайтириб, 5+1 ёки 6+1 форматида олиб боришни режалаштиряпмиз. Яъни МДҲ давлатлари – Туркия, Aфғонистон, Қозоғистондан тадбиркорларни чақириб, Ўзбекистонда бизнес ҳаб яратиш. Келажакда Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг ўртасида жойлашган давлат сифатида бизнес марказига айлантириш учун ҳаракат қиляпмиз. Бизда барча имкониятлар бор. Яъни географик жойлашувимиз ўртада, нафақат Ўрта Осиё балки Европа билан Осиёнинг кесишув нуқтасида жойлашганимиз учун ҳам бошқа мамлакатларга нисбатан кўпроқ имкониятларимиз бор.

 Мақсадимиз савдо ҳамкорларимиз билан савдо айланамасини ошириш, ҳам инвестицион оқимни яратиш, ўзаро тажриба алмашиш ва Ўзбекистонга илм олиб келишдир, - деди у.

Шунингдек, Умаровнинг таъкидлашича, келажакда Ўзбекистонда эркин савдо ҳудудлари ва қуруқлик порти яратилиши кўзда тутилмоқда.

«Келажакда Ўзбекистонда эркин савдо ҳудудларини яратишни кўзлаяпмиз. Бу борада юқори турувчи ташкилотларга таклифларимизни киритдик. Эркин савдо ҳудудларини яратадиган бўлсак, бизнес ҳаб форматидаги учрашувларимизда эркин савдони йўлга қўйишимиз мумкин. Дубай шаҳрини кўрадиган бўлсак, у ҳам айнан шу. Дубайдан туриб эркин савдога йўл очилган. Сингапур, Дубай, Истамбул, Нью-Йорк каби шаҳарлардан ўрнак олган ҳолда, Ўзбекистонда қуруқлик портини яратмоқчимиз.

Қуруқлик портини яратиб, бу ердан Покистон, Эрондан келадиган юкларни МДҲ давлатларига ре-экспорт қилишда бизда географик жиҳатдан имкониятлар мавжуд.