21:38 / 25.05.2021
17742

Президент ҳисобидан Андижон тиббиёт институтига ўқишга қабул қилинган бемор қиз ректор билан учрашди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Шу йилнинг 14 май куни президент Шавкат Мирзиёев Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида бўлиб, у ерда даволанаётган болалар ҳолидан хабар олганди. 

Учрашув чоғида 2003 йилда туғилган, марказда чап тизза бўғими синовиал саркомаси ташхиси билан даволанаётган андижонлик Розияхон Бозорбоева Андижон давлат тиббиёт институтига киришни орзу қилишини айтган эди. 

Президент унинг орзусини амалга ошириш учун тегишли мутасаддиларга топшириқ бериб, Розияхон учун барча шароитларни муҳайё қилишни тайинлаган эди. 

Андижон тиббиёт институти ректори Мадамин Мадазимов бўлажак талабанинг аҳволидан хабар олди.

«Куни кеча Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъул ходимлари ва Андижон тиббиёт институти ректори Мадамин Мадазимов Розияхон Бозорбоеванинг аҳволидан хабар олиш учун Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида бўлди.

Ректорнинг Розияхонга топширган мактубида институт жамоаси уни янги ўқув йилидан олий ўқув юрти биносида кутишлари, унинг таълим олиши учун барча шароитларни яратишга тайёр эканликларини билдирган. 

Шунингдек, Р. Бозорбоевага ўқишга тайёргарлик кўриш учун онлайн репетитор ажратилди. Энди Розияхон муассасада даво муолажалари олиш билан бирга кимё, биология, она тили ва адабиёт фанларидан машғулотлар билан шуғулланиши ҳам мумкин», дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида. 

Top