Ўзбекистон | 21:40 / 12.10.2021
15180
2 дақиқада ўқилади

Андижонда тиббиёт институти ўқитувчиларининг ойлигидан шанбалик учун пул ушлаб қолинди

Андижон давлат тиббиёт институтида 743 нафар ходимнинг иш ҳақидан 100–300 минг сўмдан пул ҳашар учун деб ушлаб қолинган. Институт бу маълумотни “фейк” деб атаган эди, бироқ адлия органининг аралашуви билан ҳолат тасдиқланди ва пуллар қайтарилди.

Cентябр ойида ижтимоий тармоқларда Андижон давлат тиббиёт институтида ўқитувчилар иш ҳақидан 300 минг сўмдан ушлаб қолингани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Адлия вазирлиги бу маълумотни тасдиқлади.

Таъкидлаш керак, 7 октябр куни ОТМ ўз сайтида баёнот чиқариб, ҳолатни рад этган эди.

“2021 йил 21 август куни Андижон давлат тиббиёт институтида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилди, лекин институт ходимларининг бирортасининг иш ҳақидан олиб қолинган эмас. Ижтимоий тармоқларда тарқалган бу хабар асоссиз бўлиб, фейк хабар ҳисобланади”, дейилганди институт раддиясида.

Бироқ Андижон вилоят адлия бошқармасининг аниқлашича, Андижон давлат тиббиёт институти ректорининг 2021 йил 15 сентябрдаги буйруғи билан ходимларнинг иш ҳақларидан пуллар ихтиёрий равишда шанбалик учун ушлаб қолиш белгиланган.

Шу асосда 743 нафар ходимнинг сентябрь ойи учун ойлик иш ҳақидан 100–300 минг сўмдан, жами 150 млн сўм маблағлар август ойида ўтказилган ҳашар муносабати билан, шундан 221 нафар ходимнинг иш ҳақидан уларнинг розилигисиз пул маблағлари ушлаб қолинган.

“Ўрганиш якунида 150 млн сўм пул маблағлари институт ходимларига тўлиқ қайтарилди ҳамда қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган институт мансабдор шахслари интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди”, – дейилади адлия хабарида.

Фото: “Muxbir Daliyev” Telegram-канали

Меҳнат кодексининг 164-моддасига мувофиқ, иш ҳақидан ушлаб қолишга ходимнинг ёзма розилиги билан, бундай розилик бўлмаган тақдирда эса, суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.

“Адлия вазирлиги огоҳлантиради — ходимнинг иш ҳақидан ноқонуний ушлаб қолишлар қонунга зид ҳисобланади ҳамда бунга йўл қўйган мансабдор шахслар албатта жавобгарликка тортилади!” – дея якунланган вазирлик баёноти.

Мавзуга оид