Жаҳон | 21:35 / 25.05.2021
7452
1 дақиқада ўқилади

Япониянинг Токио Олимпиадаси бекор қилинишидан кўрадиган зарари маълум қилинди

Токиодаги Олимпия ва Паралимпия ўйинларининг коронавирус пандемияси сабабли бекор қилиниши Японияга тахминан 1,81 трлн иенга (17 млрд доллар) тушади. Бундай ҳисоб-китобларни Номура тадқиқот институти тақдим қилди.

Фото: Getty Images

Экспертлар Олимпиада ўтказилгандан кейин мамлакатда коронавирус тарқалиши авж олса, уни жиловлаш учун фавқулодда вазият режими эълон қилиниши ва бундан кўриладиган зарар янада кўпроқни ташкил қилиши мумкинлигидан огоҳлантиришган.

 “Агар Ўйинлар бекор қилинса ҳам, ундан кўриладиган иқтисодий зарар фавқулодда вазият режимидагидан камроқ бўлади”, деб айтган институт ходими Такахиде Киути.

 Унинг маълумотларига кўра, Токио Олимпиадаси томошабинларсиз ўтказилса, у 1,66 трлн иен фойда келтиради. Бу эса Олимпиада япониялик томошабинлар билан ўтказилганда олинадиган фойдадан 146,8 млрд иен камроқ бўлади.

 Ўтган ҳафта Токио Олимпиадаси мувофиқлаштирувчи комиссияси раҳбари Жон Коутс пандемия сабабли бир йил кейинга кўчирилган Ўйинлар Японияда фавқулодда вазият режими эълон қилинса ҳам белгиланган муддатда, яъни 23 июлдан 8 августгача ўтишини маълум қилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид