20:55 / 26.05.2021
9726

Коронавирусга қарши эмлаш билан аҳвол қандай? МДҲ ва Марказий Осиё мамлакатларига доир рақамлар таҳлили

Ўзбекистонда ҳар 100 кишидан 3,54 киши COVID-19 га қарши камида бир марта эмланган. Ён қўшнимиз Қозоғистонда бу рақам 10,73 ни ташкил этмоқда.

Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш даражаси МДҲ мамлакатлари ва Афғонистонни ҳисоблаганда мустаҳкам 5-ўрин билан ўлчанмоқда. Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари - Centers for disease control and preventions (CDC) сайтида глобал даражада коронавирусга қарши эмлаш кўрсаткичларига доир маълумотлар келтирилган. Унда келтирилган рақамларни қиёслаш орқали МДҲ ва Марказий Осиё мамлакатларида эмлаш билан боғлиқ жараён қандай бораётгани ҳақида тасаввур ҳосил қилиш мумкин.

Юқоридаги суратда МДҲ мамлакатлари ва Афғонистонда ҳар 100 киши ҳисобига жами тўғри келадиган вакциналар сонига доир рақамлар келтирилган. Унга кўра, Озарбойжонда ҳар 100 кишига 19.94та вакцина тўғри келади. Россия Федерациясида 18.52та, Қозоғистон 15.79та, Беларусда 7.25тани ташкил этади. Ўзбекистонда бу рақам 4.78тани, Гуржистонда  3.36та, Украинада 2.48та, Афғонистон 1.47та, Қирғизистонда 0.83та, Тожикистон 0.76та, Туркманистон 0.7та, Арманистонда 0.65тани ташкил этмоқда.   

  

2021 йил 25 май куни янгиланган маълумотларга биноан, юқоридаги суратда кўриб чиқаётган мамлакатларимизда сўнгги 1 ҳафтада неча киши коронавирусга қарши эмланганини кўриш мумкин. Бунда рақамлар қуйидагича кўриниш олган. 

Камида бир марта вакцина олган яқин хориж мамлакатлари орасида ҳам Ўзбекистон ҳар 100 кишидан 3,54 киши эмланиши билан 5-ўринни эгаллаб турибди. Умуман бу борадаги рақамлар қуйидагича кўриниш олган. 

Ва ниҳоят, вакцинанинг биринчи, иккинчи ва ёки учинчи дозасини олганлар, яъни тўлиқ эмланганларга доир маълумотларни кўриб чиқамиз. Қайд этиш керак, бунда Тожикистон, Қирғизистон ва Арманистон бу ҳақда маълумотларни тақдим этмаган. Ёхуд уларда тўлиқ эмланганлар ҳозирча мавжуд эмас. Қуйидаги жадвалда кўриш мумкинки, Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш ҳозирча унчалик ҳам ҳавас қиладиган даражада эмас. Бу борада Озарбойжон, Россия ва Қозоғистон бирмунча яхши позицияда. Албатта, Гуржистон, Афғонистон, Украина ва Туркманистонда эмлаш билан боғлиқ ҳолатлар анча ачинарли аҳволда, деб бемалол айтиш мумкин. 

Шу билан бирга, алоҳида қайд этиш керак, юқоридаги маълумотларда турли давлатларга тегишли рақамлар янгиланиш муддати кескин фарқ қилади. Мисол учун, Озарбойжон, Россия, Қозоғистон, Грузия ва Украинага тегишли рақамлар сўнгги 1 кунлик маълумотлар экани қайд этилса, Афғонистон 2 кун, Ўзбекистон 3 кун, Беларус 5 кун, Қирғизистон 8 кун, Тожикистон ва Арманистон 10 кун, Туркманистон 52 кун аввалги маълумотлар базасини янгиламагани кўрсатилган. 

Top