Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Марказий поликлиникаларнинг “Аёллар маслаҳатхона”лари таркибида “Онко-назорат” хоналари ташкил этилади
Онкологик ва гематологик беморларнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан республика ихтисослаштирилган марказларига темир йўл ва авиатранспорт воситалари орқали келиши билан боғлиқ харажатлар тегишли маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан тўлиқ қоплаб берилади.
Президентнинг “Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорда кўрсатилишича, 2022 йил 1 январдан бошлаб қизлар ва аёллар орасида онкологик касалликлар тарқалишининг олдини олиш ва эрта диагностика қилиш қуйидаги миллий дастурлар асосида амалга оширилади:
- 9–14 ёшдаги ўсмир қизларни одам папилломаси вирусига қарши вакцина билан эмлаш;
- 30–55 ёшдаги аёллар орасида бачадон бўйни ва 45–65 ёшдаги аёллар орасида кўкрак бези саратони скрининги.
Туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларининг “Аёллар маслаҳатхона”лари таркибида мунтазам равишда аёллар орасида кенг кўламли бирламчи текширишларни амалга оширадиган “Онко-назорат” (Cancer-назорат) хоналари ташкил этилади.
Ҳужжатда белгиланишича:
- ушбу хоналар 2022 йил 1 январдан бошлаб ҳудудий соғлиқни сақлаш умумий бюджет фонди доирасида ташкил этилади;
- ушбу хоналардаги текширувлар сифати Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан махсус ахборот бошқаруви тизими орқали назорат қилинади.
2021 йил якунига қадар “Онко-назорат” хоналарида фаолият кўрсатувчи шифокорларни тайёрлаш ишлари якунланади ва 2022 йил 1 январга қадар “Онко-назорат” хоналарининг зарур тиббий техникалар билан жиҳозланиши таъминланади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари:
- “Онко-назорат” хоналари ташкил этилишига шахсан жавобгар ҳисобланиши;
- ўз ҳудудларида гематологик ва онкологик касалликларни эрта аниқлаш ҳамда муваффақиятли даволаш кўрсаткичларининг ошиши, касаллик оқибатида юз берадиган ўлим ҳолатининг камайишига эришилганлиги улар фаолиятининг самарадорлигини баҳолашда асосий мезонлардан бири сифатида эътироф этилиши белгилаб қўйилди.
2021 йил 1 июлдан бошлаб шундай тартиб ўрнатиладики, унга кўра:
- гематология, онкология, клиник иммунология, трансфузиология ва шу соҳадаги лаборатория йўналишлари бўйича ёш мутахассисларнинг хориждаги етакчи илмий ва тиббиёт марказлари иш жойларида малака ошириши ва стажировка ўташи билан боғлиқ харажатлар давлат бюджети ҳамда Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлиқ қоплаб берилади;
- беморларнинг онкология ва гематологияга ихтисослаштирилган давлат тиббиёт муассасалари йўлланмалари асосида позитрон-эмиссион томография текширувидан ўтиши билан боғлиқ харажатлари давлат бюджетидан қопланади;
- онкологик ва гематологик беморларнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан республика ихтисослаштирилган марказларига темир йўл ва авиатранспорт воситалари орқали келиши билан боғлиқ харажатлар тегишли маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан тўлиқ қоплаб берилади.
Мавзуга оид
09:15 / 07.08.2025
Гематологик касалликларга чалинганларга тиббий ёрдам кўрсатиш такомиллаштирилади
17:38 / 23.06.2025
Олимлар янги қон гуруҳини расман тан олди
16:25 / 17.03.2025
Онкокасаллик, иложсизлик ва 6 йилдан бери қурилаётган ҳоспис ҳақида катта суҳбат
15:57 / 25.11.2024