Ўзбекистонда 133 мингдан зиёд онкологик беморлар бор. Уларнинг 4 мингдан ортиғи касалликнинг охирги даражаси билан курашмоқда. Замонавий дунёда тузалмас касалликка чалинганлар умрининг охирини махсус касалхоналарда ўтказади. Бизда эса ҳозирча бунинг акси – чидаб бўлмас оғриқ ва дардни фақат бемор эмас, унинг яқинлари ҳам бошдан ўтказади. Чунки мамлакатнинг Самарқанд ва Хоразмидан бошқа ҳеч ерида ҳоспис йўқ. Яқинда ижтимоий тармоқларда кузатилган ҳолат: саратонга чалинган уйсиз кекса беморнинг подъездга ташлаб кетилиши бу масаладаги вазият қандай эканини таҳлил қилишга ундади.

7 март куни саратонга чалинган бемор 4 соат давомида шифохонама-шифохона сарсон қилиниб, уни ҳеч ким қабул қилмагани видеоси тарқалганди. Унда тез ёрдам ходимлари касаллик 4-босқичда эканини, аёл барибир ўлишини, унга ёрдам берилмасликларини айтган.

Kun.uz айни оғриқли кейсдан келиб чиқиб, Ўзбекистонда онкология соҳаси, беморларнинг вазияти ва ҳоспислар очилиши нега кечиктирилаётгани ҳақида суҳбат уюштирди.

Интервюда Соғлиқни сақлаш вазирлиги бўлим бошлиғи Азиз Ҳамроқулов, вазирликнинг тез ёрдам хизмати бўйича бош мутахассиси Илҳом Асланов ҳамда онколог шифокорлар Шермуҳаммад Умиров, Яҳё Зияев ҳамда Рустам Норбоев иштирок этди.

Дастлаб ҳаммангизга бир хил савол билан юзланмоқчиман, тиббиёт ходимларининг бу хатти-ҳаракатлари қанчалик тўғри эди?

Азиз Ҳамроқулов: Тармоқларда шу ролик пайдо бўлиши билан вазирлик томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, ҳолатни ўрганиш бўйича хизмат текшируви ташкил қилинди. Унда уларнинг ҳолатига баҳо берилди. Бемор ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳозирги кунда у Тошкент шаҳар онкология шифохонасида муолажа олмоқда.

Шифокор [билан] қандай ҳолат бўлганини билмайман. Ҳар қандай инсон жаҳли, асаби чиқиб турган вақтда ўзини филтр қила олмай қолади. Шунинг учун мен бу ҳолатга тўғри ёки нотўғри деган баҳони ҳам беролмайман. Чунки у қандай ҳолатда бўлганини ҳам билмайман. Қайси маънода, [шифокорнинг] қандай муаммоси борлигини билмайман. Чунки билишимча, шу ҳолатга келгунича бемор шунчаки кўчада қолиб кетмаган, унга тиббий ёрдам кўрсатилган бўлган. Шундан кейин ҳам Республика онкология марказининг Тошкент шаҳар филиалида ҳозир шу бемор даволанмоқда. Шу сабаб мен ҳозир шифокорни айбли ёки айбсиз деёлмайман, чунки хизматни кўрсатишган.