Ўзбекистон | 13:47 / 28.05.2021
21863
2 дақиқада ўқилади

Дам олиш кунлари жуда иссиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда

Бугун Ўзбекистон ҳудудига Эрон ҳудудларидан жуда иссиқ ҳаво кириб келиши бошланади. Ҳаво ҳарорати 34-37 даража иссиқ атрофида бўлади. 

Фото: KUN.UZ

“Ўзгидромет” хабарига кўра, дам олиш кунлари иссиқ ҳаво кириб келиши кучаяди, жуда иссиқ об-ҳаво Ўзбекистоннинг барча ҳудудларини қамраб олади. Ҳаво ҳарорати 36-39 даража иссиққача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларида 40-42 даража иссиққача кўтарилади. Республика бўйича асосан кам булутли об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат тоғли ҳудудларда куннинг иккинчи ярмида конвектив булутлилик ривожланиши билан баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Қайд этилишича, ўтган йил май ойининг охирида шунга ўхшаш вазият кузатилган. Ушбу даврда республиканинг шимолида ва чўл ҳудудларида ҳаво ҳарорати май ойининг охири учун меъёрий қийматлардан 9-12 даража иссиққа кўп бўлди. Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида энг иссиқ кунларда (26-28 май) ҳаво 41-43 даража иссиққача, Навоий вилоятининг чўл ҳудудларида баъзи жойларда 40-45 даражагача кўтарилди. 26-27 майда Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида ва Навоий вилояти чўл ҳудуди бўйича баъзи жойларда метеокузатувларнинг барча қаторлари учун май ойи ҳарорати янги рекордлари ўрнатилди.

Республиканинг қолган ҳудудларида унча иссиқ бўлмади. Ушбу кунларда ҳаво ҳарорати шу йилда кутилаётган 36-39 даража иссиққа яқин бўлди.

Мавзуга оид