Ўзбекистон | 00:21 / 29.05.2021
37057
3 дақиқада ўқилади

«Қонун устувор, жазо муқаррар бўлиши керак» — Мирзиёев коррупция ҳақида

«50 минг доллар пора бераётганда қўлга тушяпти, машина олишда қўлга тушяпти, 30 минг пора билан қўлга тушяпти. Нима, тизим бўлиб кетганми Самарқандда?!» – таъкидлади президент.

Президент Шавкат Мирзиёев 28 май кунги селекторда коррупция масаласига тўхталиб, унга қарши курашишни кучайтириш кераклигини қатъиян таъкидлади.

«Коррупциянинг олдини олиш бўйича менга бир таклиф бериш керак, ҳаммасини мужассам қилиб, ҳамманинг кўзини очиб бериш керак.

Рақамлаштиришни қилмасак, коррупцияни йўқ қила олмаймиз. Энг катта нарса – рақамлаштириш.

Пулларни иқтисод қилиб, одамларнинг манфаатдорлигини ошираверсак, жамият ўзгаради. Сифат, муддат ва адолат!

Коррупциядан холи тармоқ қилиш керак. Ҳаммаси давлатнинг пули бу, халқимизнинг пули бу. Нимага коррупция бўляпти, нимага ер сотяпти, қаёққа қараяпти бу ноинсофлар?!

1 июндан бошлаб ким мана шунақа қилса, туман, шаҳар ҳокими… қонун бор унга!

50 минг доллар пора бераётганда қўлга тушяпти, машина олишда қўлга тушяпти, 30 минг [пора билан] қўлга тушяпти. Нима, тизим бўлиб кетганми Самарқандда?!

Ҳамма вилоятларга тегишли. Энди биринчи раҳбар ишдан кетади, тизим бунданам қаттиқ бўлади, ана шуни билинглар ҳаммаларинг. Қонун устувор, жазо муқаррар бўлиши керак. Одамлар ишониши керак, коррупция йўқ Ўзбекистонда [деб].

Ҳамма ҳокимга хулоса! Алоҳида, коррупция[га қарши курашиш] бўйича қарорни тезлаштириш керак. Қонун устувор, жазо муқаррарлигини кўрсатиш керак!

Пул топиб бердик, булар ўғрилик қилиши учун қилганимиз йўқ-ку буни? Одамларни эшитиш, оғирини енгил қилиш учун қиляпмиз.

Деҳқонободда ичимлик суви йўқлиги... менинг армоним! Кўриб кўрмасликка олганмиз 27 йил. Энди шунча вақт кетиб ўргатганимда, бу ўғрилар пайдо бўладими?

Энди битта нарса бўлади: қонун устувор, жазо муқаррар бўлади», – деди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, бу селекторда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш ва аҳолини уй-жой билан таъминлашга 18 триллион сўм маблағ йўналтирилиши белгиланди.

«Бу масалалар бўйича биз бирор марта бунча маблағ йўналтирмаганмиз. Энди шуни сифатли қилиб, 7 794 та қишлоқ ва маҳаллага етказишимиз керак.

Бундан ташқари, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, ички йўлларни қуриш ва таъмирлаш ишларига, яна қўшимча 300 миллион доллар ажратдик», – дея қайд этди давлат раҳбари.

Мавзуга оид