– Шу йилнинг март ойида ДХХ томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Самарқандда уй-жой субсидиясини олиш учун тавсиянома бермоқчи бўлган маҳалла раиси 500 доллар пора билан ушланди. Шу каби коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тизимда нималар қилиняпти?

– ДХА аҳолига давлат хизматларини кўрсатишда биринчи навбатда шаффофликни таъминлаш, аҳолига тезкор ва коррупциясиз бўлган хизматларни тақдим қилишга ўзининг алоҳида эътиборини қаратиб келмоқда. Шунга кўра, нафақат субсидиялар бериш, балки бошқа кўплаб давлат хизматларини кўрсатишда ҳам агентлик коррупция ҳолатларига барҳам бериш мақсадида доимий равишда сирли мижоз тадбирларини ўтказиб келади. Бундан мақсад давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида шаффофликка, очиқликка эришишни таъминлаш, фуқароларга қонуний ва белгиланган тартибда мурожаатларининг кўриб чиқилишини таъминлаш бўйича ҳаракатларни амалга ошириб келади.

Шу билан бирга, бизда бундай ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида коррупцияга қарши курашиш мониторинг бўлими мавжуд. 2020 йилда ДХА коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро сертификатни қўлга киритди. Telegram мессенжерида аҳолини адлия органлари ва муассасаларида юз бераётган коррупция ҳуқуқбузарликлари ҳақида тезкор хабардор қилиш мақсадида махсус @antikorbot боти ишга туширилган. Адлия вазирлигининг 1008 ишонч телефон рақамлари ва агентликнинг ишонч телефон рақамлари мавжуд. Ва қандайдир ҳолатлар бўладиган бўлса, агентлик ёки адлия органларига хизмат кўрсатиш жараёнида юз берган ҳолатлар бўйича ариза беришса, ҳаракатимиз самаралироқ бўларди. Чунки бир шахснинг ҳаракати билан самарали ютуққа эришиш қийинроқ.

Фуқаро аризаси битта тегишли орган томонидан ҳал қилинмайди. Агар комиссияда ҳокимлик, иқтисодиёт, молия, солиқ, тижорат банклари қатнашмаса, у ваколатли ҳисобланмайди. Чунки айнан тижорат банки кредит ажратади. Ҳокимлик, иқтисодиёт, молия эса бюджетда субсидия бор ёки йўқлиги, ажратилаётган субсидия мақсадини ўрганади ва юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, қарорда молия ва иқтисодиёт органларига алоҳида бир мажбурият юклатилган. Субсидия мақсадли ва тўғри ажратилаётгани устидан қатъий назорат, жавобгарлик айнан шу органлар зиммасида.

–Ҳукумат қарори билан субсидия ажратишда номзодларни танлаб олишда уларга баҳо беришнинг мезонларида оилада сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекувчи шахслар тоифаси келтирилган. Сурункали касалликнинг оғир турлари дейилганда айнан қайси касалликлар назарда тутилган?