Спорт | 22:08 / 31.05.2021
37686
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик боксчилар Осиё чемпионатида 1-ўринни эгаллади

31 май куни Дубайда бокс бўйича Осиё чемпионати финал баҳслари ўтказилди. Унда Ўзбекистон бокс жамоаси 6та олтин, 1та кумуш ва 3та бронза медал қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.

10та вазннинг 6тасида олтин медаль ўзбекистонлик спортчиларга насиб этди. Ўзбекистон терма жамоасининг 3 нафар боксчиси Абдумалик Халаков, Элнур Абдураимов ва Санжар Турсунов ярим финалда мағлубиятга учраб, бронза медаллар билан кифояланишганди.

Финаллар кунида дастлаб 49 кг.гача вазн тоифасида Нодиржон Мирзааҳмедов қозоғистонлик Даниял Сабитни 5:0 ҳисобида мағлуб этиб, чемпионликни нишонлади.

-52 кг вазн тоифасида Шаҳобиддин Зоиров ҳиндистонлик номдор рақиби Амит Пангални 3:2 ҳисобида мағлуб этди.

2018 йилги Осиё ўйинларида, 2019 йилги жаҳон чемпионати ва Осиё чемпионатларида ғолиб бўлган Миразизбек Мирзахалилов (-56 кг) эса кутилмаганда мўғулистонлик Харку Энх-Амарга 3:2 ҳисобида мағлуб бўлди.

-69 кг вазн тоифасидаги финалда Бобо-Усмон Батуров ва Абилайхон Жусупов ўзаро тўқнаш келди. 1-раундда қозоғистонлик боксчи жароҳат сабаб жангни давом эттира олмаслиги маълум бўлди ва ғалаба ўзбекистонлик спортчига берилди.

-75 кг вазн тоифасида Саиджамшид Жаъфаров қозоғистонлик Абилхан Аманқул устидан 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Саиджамшид Жаъфаров

-81 кг вазн тоифасидагилар ўртасидаги финалда эса Дилшодбек Рўзметов Эрон вакили Мейсам Гешлабини 3:2 ҳисобида мағлуб этди.

Осиё чемпионатининг марказий жанги +91 кг вазн тоифаси вакиллари Баҳодир Жалолов ва Камшибек Кункабаев ўртасида бўлиб ўтди. Унда ўзбекистонлик боксчи Қозоғистон вакилини 5:0 ҳисобида мағлуб этди ва Осиё чемпионати олтин медалига эга чиқди. Бу Баҳодир Жалолов ва Камшибек Кункабаев ўртасидаги ўзаро 6-жанг эди. Ўзбекистон вакили 4:2 ҳисобида устун келмоқда.

Турнирда учта вазн тоифасида ғолиблик Мўғулистон вакилларига насиб этди - Энҳ-Амар (56 кг), Цендбаатар (60 кг), Чинзориг (64 кг), шунингдек, ҳиндистонлик Санжит (91 кг) ҳам олтин медалга эга чиқди.

Қизлар ўртасида эса вакилларимиз мусобақани 8та медаль — 1та олтин, 5та кумуш, 2та бронза билан якунлашди: Ситора Турдибекова (-57 кг, олтин), Гуласал Султоналиева (-48 кг, кумуш), Ситора Шогдарова (-54 кг, кумуш), Навбаҳор Ҳамидова (-69 кг, кумуш), Мавлуда Мавлонова (-75 кг, кумуш), Соҳиба Рўзметова (-81 кг, кумуш), Моҳинабону Абдуллаева (-64 кг, бронза), Моҳира Абдуллаева (+81 кг, бронза).

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид