Иқтисодиёт | 19:31 / 01.06.2021
13927
3 дақиқада ўқилади

Киши бошига 440 минг сўмдан кам маош тўғри келадиган оилаларга асосий эътибор қаратилади — Умид Обидхўжаев

Ўзбекистонда илк бора энг қуйи чизиқ, яъни минимал истеъмол харажатлари миқдори қабул қилинди. Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти директори Умид Обидхўжаев бу миқдор ўртача истеъмолни англатмаслигини, балки ким қабул қилинган 440 минг сўмдан пастроқ даромад кўрса, барча эътибор, ижтимоий ёрдам шу қатламга кўрсатилиши ҳақида гапирди.

«Минимал истеъмол харажати 440 минг сўмлиги айтиб ўтилди. Бу ўртача истеъмолни англатадими, деган фикр юритишимиз мумкин. Лекин бу минимал истеъмол харажати, яъни қуйи чегара.

Сиз бемалол бизни интернет орқали кузаётган экансиз, демак, сизда имкониятлар етарли, яъни сиз таргет гуруҳга кирмайсиз. Беш кишидан иборат оила бўладиган бўлса, бир ойга 2 миллион 200 минг сўмга тўғри келяпти. Aгар оиланинг истеъмоли 2 миллион 200 минг сўмдан камроқ бўлса, уларнинг даромадини мана шу миқдорга етказиб олишимиз керак.

Давлат эътибори, молиявий ресурслари, инсон ресурслари, олиб борилаётган ижтимоий ресурслар иқтисодий сиёсат мана шу нарсага қаратилиши керак. Ундан ҳам кўпроқ даромад олаётган ва истеъмол қилаётган одамларимиз бор, лекин биз жамият сифатида таргет гуруҳга тушиб қолган жамият аъзоларига эътибор қаратамиз. Яъни мана шу критериялар орқали бир ойлик истеъмоли оилада 2 миллион 200 минг сўмдан камроққа тушиб қолаётган бўлса, барча эътибор уларга қаратилади. Мана шу жиҳатдан бу рақам аҳамиятли.

Бу 440 минг сўм бир ойга етади дегани эмас. Бу минимал истеъмол харажати. Aгар одам бошига 440 минг сўмдан кам пул топадиган оилани аниқлайдиган бўлсак, биринчи ўринда барча ресурслар уларга қаратилади.

Янги инструментлар қўлланади, ҳудудлар бўйича баҳо берилади, лекин минимум истеъмол харажатидан юқорига чиқариб олишимиз керак.

Ҳозиргача бу ўлчов бирлиги бизда йўқ эди. Биз буни кам ёки кўп деб муҳокама қилишимиз мумкин, лекин аввал мана шу ўлчов бирлигига келиб олишимиз керак. Ким 440 минг сўмдан кам топаётган бўлса, эътибор уларга қаратилади. Aсосий давлат эътибор марказида улар бўлади, шу жиҳатдан бу рақам аҳамиятли»,  деди Обидхўжаев.

Aввалроқ, ҳозирда давлатдан ижтимоий нафақа олувчиларнинг сони 1 миллиондан ошиқни ташкил этгани маълум қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон аҳолисининг минимал истеъмол харажатлари миқдори дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, киши бошига бир ойда 440 минг сўм этиб белгиланди.

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид