— Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан минимал истеъмол харажатлари 440 минг сўм этиб белгилангани эълон қилинди. Бу рақамларнинг қуйи қатлам вакиллари учун қандай ижобий томонлари бор?

Отабек Бакиров: Бу миқдор 5400 нафар респондентнинг кундалик ҳаёти, эҳтиёжлари, даромадлари ва харажатларини ўрганиш натижасида аниқ методологияга асосланган таҳлилларга кўра олинган сумма ҳисобланади. Бу миқдорнинг адолатли ёки адолатсиз экани ҳақидаги калимани ишлатиш бу ерда тўғри бўлмайди. Чунки қайсидир таҳлилларда ёки сўровлардан келиб чиққан натижа учун адолатли ёки адолатсиз сифатида қарайдиган ўлчов мавжуд эмас. Бу аниқ ҳолат.

Сўров натижалари, унинг критериялари, методологиялари, бошидан охиригача қандай мезонлар асосида қурилгани ҳаммага очиқ-ойдин билдирилди, аниқлаштирилди. Албатта, кўп сонли Ўзбекистон аҳолиси учун бу муҳим кўрсаткич. Аҳолининг қайсидир тоифаси бу суммани ўзларининг ҳаёт тарзи ва даромадларидан келиб чиқиб юқори деб ҳисоблаши мумкин, қайсидир бошқа аҳоли тоифаси эса ўз даромадларидан келиб чиқиб кам миқдор деб баҳолаши мумкин, аммо булар ўта субъектив, мотивацияга эга бўлмаган шахсий қараш бўлади.

Бахтишод Ҳамидов: 440 минг сўмнинг адолатли ёки адолатсизлиги ҳақида ижтимоий тармоқларда билдирилаётган изоҳлар, аҳоли кенг қатламларининг фикрларидан келиб чиқиб ҳам фикр билдириш мумкин. Лекин бу ерда бир нарсага эътибор қаратиш керакки, ижтимоий тармоқларда кўп кузатилаётган эътирозларнинг асосий сабаби, минимал истеъмол харажатларининг (МИХ) фақат камбағал аҳолига эмас, балки кўпчилик томонидан ҳаммага тегишли рақам сифатида тушунилаётганида, деб ҳисоблайман.

Бахтишод Ҳамидов

Биз МИХга умумий аҳолига нисбатан эмас, камбағал аҳоли харажатларига нисбатан қарашимиз керак. Бу рақам фақат аҳолининг энг қуйи табақасини ўрганиш натижасида шакллантирилган, аҳолининг барча табақаларига тегишли эмас. Биламизки, беш қўл баробар эмас, жамиятда турли қатлам вакиллари бор. МИХ фақатгина камбағал қатлам вакиллари учун қўлланади.

Бой ва ўрта қатлам учун бу миқдор кам туйилиши мумкин, аммо камбағал қатлам учун бу нарсани алоҳида ўрганиш талаб этилади, яъни комментарияларни камбағал қатлам асосан ёзмайди. Интернети бор, асосан, Тошкентда истиқомат қилувчи фаровонлик даражаси нисбатан юқори бўлган одамлар ўзларидан келиб чиқиб айтаётган бўлиши мумкин. Сўровномада қатнашган аҳолининг камбағал 30 фоизи ҳам вилоятлардаги қишлоқ жойларида истиқомат қилиши сабаб, интернет билан муаммоси туфайли бундай баҳсларга киришмаётган бўлиши мумкин. Уларнинг фикрларини эшитиш бизлар учун ҳозир қийин.