Жаҳон | 23:50 / 02.06.2021
4828
1 дақиқада ўқилади

Хитойда ультрамарафондаги фожиадан кейин экстремал спорт мусобақалари вақтинча тақиқланди

Хитой ҳукумати Ганьсу провинциясида ўтган ультрамарафон вақтида 21 спортчи музлаб ҳалок бўлгандан кейин экстремал спорт тадбирларини ўтказишни вақтинча тақиқлади. Бу ҳақда Хитой давлат спорт бошқармаси маълум қилди.

Фото: Xinhua

Таъкидланишича, одамлар саломатлиги ва хавфсизлигини самарали ҳимоялаш мақсадида 2 июндан тоғ кросслари, Гоби чўли орқали ўтишлар, вингсьют-костюмларда парвоз қилиш, ўта узоқ масофаларга югуриш ва номукаммал қоидалар ва юқори хавфга эга, хавфсизлик стандартлари ноаниқ бўлган, яқинда пайдо бўлган спорт мусобақалари вақтинча тақиқлаб қўйилди.

Бошқармада бундай спорт мусобақаларини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш иложи борича тезлаштирилиши айтилган.

22 май куни Цзинтай уездида бошланган 100 кмлик ультрамарафон вақтида об-ҳаво кескин ёмонлашгани оқибатида 21 нафар атлет ҳалок бўлган, 8 нафари жароҳат олган. Марафон тоғли ҳудудда ўтган. Унда жами 172 спортчи қатнашган.

Мусобақа вақтида об-ҳаво тўсатдан ёмонлашиб, ҳарорат нол даражагача тушиб кетган, кучли шамол бошланиб, музли ёмғир ёғган. Бу вақтда иштирокчилар енгил ёзги кийимларда бўлишган. 23 май куни қидирув-қутқарув отрядлари йўқолиб қолган спортчилар жасадларини топишган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид