15:34 / 09.06.2021
14528

Ўзбекистон ва Тожикистон биргаликда автомобил ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда 

Ўзбекистон ва Тожикистон биргаликда автомобил ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Тегишли битим Бохтар (собиқ Қўрғонтепа) шаҳрида бўлиб ўтган биринчи Ўзбекистон – Тожикистон ҳудудлараро инвестициявий форум доирасида имзоланди.

Тадбирда Тожикистон бош вазири биринчи ўринбосари Давлатали Саид, Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов, икки мамлакат вазирлик, идора, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари, савдо-саноат палаталари, чегарадош вилоятлари раҳбарлари, 300га яқин тадбиркор иштирок этди.

Форум якунлари бўйича Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Экспорт агентлиги билан Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди.

Бундан ташқари, автомобил, трансформатор, маиший техника ишлаб чиқариш, интенсив боғлар, иссиқхона комплекслари, қишлоқ хўжалиги ва мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш бўйича қўшма корхоналарни ташкил этиш бўйича битимлар, шунингдек, бир қатор савдо шартномалари ҳам имзоланган.

Аввалроқ, биринчи Ўзбекистон - Тожикистон ҳудудлараро инвестициявий форумида 730 млн долларлик ҳужжатлар имзолангани хабар берилганди

Top