Жамият | 18:42 / 10.06.2021
21931
10 дақиқада ўқилади

Замонавий ўқитувчи имижи, таълимда демократик ёндашув ва қолиплар. Уйчилик мактаб директори билан суҳбат

«Маълум бир даврлар бўлдики, ўқитувчи қолипланган ва ўзгармас стандартлар асосида 10-20 йиллаб ишлади, аммо «upgrade» учун деярли ҳеч қандай талаб бўлмади. Яъни ўқитувчидан замонавийлашиш, билимларни янгилашни эмас, қолипланган маҳсулот талаб қилинди. Оқибатда «ўтмас» ўқитувчи, популист раҳбар ва уларнинг маҳсулоти сифатида «сайроқи», лекин билимсиз кадрлар етиштирилди».

Баҳромжон Мирзаев – кўп йиллардан буён Наманган вилояти Уйчи туманида ҳам ўқитувчи, ҳам мактаб директори сифатида фаолият юритмоқда.

Тажрибали педагог Kun.uz мухбири билан суҳбатда замонавий ўқитувчи дунёқараши, ўқитувчидан замонавийлашиш ва билимларни янгилаш эмас, қолипланган маҳсулот талаб қилингани, ўқитувчи–ўқувчи–ота-она муносабатидаги зиддиятлар илдизи ҳақида сўз юритди; ўқитувчи мавқейини ошириш борасидаги таклифларини билдирди.

«Педагогликка муҳаббат болалигимдан юққан. Наманган давлат университетининг география-иқтисод факультетини тамомлаб, 1999 йилдан буён ўқитувчилик қиламан. Ҳозирда Уйчи туманидаги 40-мактабда директор сифатида ишлайман. Ҳозиргача умумий стажим 22 йил. Раҳбарликда 15 йилга ўтяпти, иншааллоҳ», – дейди Баҳромжон Мирзаев.

– Ўқитувчи учун дунёқараш кенглиги ва замонавийлиги – бу тушунчани қандай изоҳлайсиз?

– Жамият учун ўқитувчи-мураббийнинг ўрни ва роли беқиёс. Уларнинг савияси жамиятни ё тубанга, ёки юксакка олиб боради. Кенг дунёқараши, замонавий фикрлаши – ўқитувчининг «типаж кўриниши» бўлиши шарт.

Шу ўринда таъкидлардимки, ўқитувчи ўзининг жамият ривожланиши йўлидаги «локомотив» эканини тушунмаса ва буни бажара олмаса, яхшиси бу касбни тарк этиши керак.

Дунёда ҳамма касблар муҳим, ҳар бирининг ўз ўрни, фалсафаси бор. Аммо ҳеч бир касб оммавий таъсири бўйича устозлик ва мураббийлик билан баробар бўлолмайди. Тушунарли бўлиши керакки, ўқитувчи – улкан масъулиятли, ҳур фикрли ва ўсиб борувчи билим эгаси. Замонавийлик унинг мажбурий сифати, билимига қандай талаб бўлса, унга ҳам шунчалик қатъий талаб бўлади. Яъни билим бу замонга мувофиқлаштириб борилмаса, нафи ва долзарблиги камайиб боради. Демак, кенг дунёқараш, ҳур фикрлаш ва замонавийлик – ўқитувчининг мажбурий касб талаби. Шу жумладан, раҳбарнинг ҳам.

Мактаб директори деганда менинг кўз ўнгимда барча ўқитувчини мувофиқлаштирувчи, уларнинг касбий, илмий, инсонийлик фазилатларини бир вақтда назорат қилувчи, уларнинг ўсиб боришига даъват қилувчи, шу билан бирга минглаб ота-оналарнинг муштарак бўлмаган истакларини рўёбга чиқаришнинг оптимал концепциясини ишлаб чиқувчи ва бу ишни максимал даражада силлиқ амалга оширишни таъминлашни зиммасига олган, мураккаб педагогик-психологик юкламалар остида турган шахс гавдаланади.

Ёшлар замонавий, интилувчанлиги билан ажралиб турса, кекса авлод билим ва тажрибаси билан ажралиб туришини таъкидлаган бўлардим.

Шу ўринда таъкидлардимки, бундай ҳолат қандай келиб чиқди? Аввало, ўқитувчи сўралган талаб асосида ишлайди. Ҳар қайси замон ва маконда талабгир нимани хоҳласа, шуни бажаради, яъни талаб ва таклиф аллақачон бу касбда амалда бўлиб келган. Маълум бир даврлар бўлдики, ўқитувчи қолипланган ва ўзгармас стандартлар асосида ўн йил, йигирма йиллаб ишлади. Аммо «upgrade» учун деярли ҳеч қандай талаб бўлмади. Яъни ўқитувчидан замонавийлашиш, билимларни янгилашни эмас, қолипланган маҳсулот талаб қилинди. Оқибатда «ўтмас» ўқитувчи, популист раҳбар ва уларнинг маҳсулоти сифатида «сайроқи», аммо ҳеч қандай билимга эга бўлмаган кадрлар етиштирилди.

Таълимнинг сифатсизлашувига сабаб қилиб (ўта шахсий фикр) машҳур ДТСни кўрсатардим. Кейингиси, белгиланган (аслида норматив ҳужжатларда бундай бўлмаслиги таъкидланган) ҒОЯвий қолиплар. Давлат таълим стандарти жуда кўп йиллар мақталди. Аммо гувоҳманки, ўша стандартларнинг минимали ҳам бажарилмади. Чунки у қотиб қолган, замонавийлашув талаби қўйилмаган қолип эди.

Бугунги кундаги ўқитувчининг замонавий билимлар билан қуролланиш даражаси пастлиги ўша давр билан чамбарчас боғлиқ. Лекин ўзгаришлар бўляпти. Ҳолат яхши томонга ўзгаряпти. Катта ўзгаришлар аниқ кўринишига вақт керак барибир.

– Ўқитувчи – ўқувчи – ота-она муносабати бугун қандай бўлиши керак, деб ҳисоблайсиз?

– Умуман олганда, Ўзбекистонда мактаб ва оила ўртасида зиддият мавжуд ва бу жудаям сезиларли. Бунга сабаб – эгилувчан бўлмаган, индивидуал ёндашилмайдиган, муқобили йўқ таълим талаблари ва хизмати ҳамда илмнинг қадрсиз истиқболи.

Ўқувчи ва ўқитувчи орасидаги муносабатларда ҳам сезиларли зиддият мавжуд ва бунинг сабаби ўқувчининг истаклари, қизиқишлари ва шахсияти эътиборга олинмаслиги ҳамда оиладаги тарбия муҳити.

Ўқитувчи доимо шахс тарбиялаётганини англаши ва ўша шахснинг МЕНи, қизиқишлари ва мақсадларини англаши, уни тинглаши, руҳиятини ўзгартира оладиган ёндашувларга эга бўлишини давр тақозо этяпти. Бу демократик ёндашув деса бўлади. Бола потенциал ўқитувчи ва отаси ўртасида алоқаларни яхши ёки ёмон томонга буриб юбориш қудратига эга ахборот ташувчиси эканини унутмаган ҳолда «подход» қилса, муносабатлар дўстона кўринишда бўлади.

Бу муҳит ўқитувчининг ота-онасига уларнинг фикри, таълимга, мактабга ва ўқитувчининг шахсига ва ҳатто феълига таъсир кўрсатиш имконини беради.

Агар ўқитувчи анархик демократияга сабаб бўладиган бўшангликни вужудга келтирмаса, ўқувчи билан демократик услубда иш олиб борса, ютуқларни кетма-кет қўлга киритаверади ва ота-онанинг ҳам ҳурматига сазовор бўлаверади. Афсуски, ўқитувчиларимиз боланинг шахсини эътиборга олмай, муаммолар ичига кириб қолишади.

Бу саволга хулоса, очиқлик билан, муаммолардан қочиб эмас, ўша муаммоларни келтириб чиқарадиган сабабларни олдиндан англаган ҳолда иш олиб бориш, дўстона ва демократик кўринишда ишлаш керак.

– Кўпинча раҳбарлар банд бўлгани сабаб дарс ўтишмайди. Мактаб директори бўлиб ўқувчиларга дарс ўтасизми?

– Мен қолдирмай дарс ўтишга ҳаракат қиламан. Тўғри, юз фоиз уддалай олмайман. Аммо қолдирилган дарсни (ўрнимга бошқа шу фан ўқитувчиси ўтган бўлсаям) ўз тилим ва услубим билан академик соат сифатида ўтиб бераман. Ёки тиғизлаб, ёки дарсларда ўша мавзуга боғлиқ келган ҳолларда ортга қайтиб боғлаш орқали ўтиб бераман. Дарсини ўтмайдиган раҳбарларни ёмон кўраман.

7a7ENedwbanSNgMuYuse4xalUFSqfIYE.jpg (1000×622)

– «Мактаб ремонти»ни қандай ташкил қиласиз?

– Мактаб таъмирини авваллари юз фоиз ота-оналар, ўқитувчилар ва ҳомийлар ҳисобидан қўлдан келганча қилиб келганмиз. Турган гапки, сифатсиз бўлган. Камида арзон-гаров. Кейинги уч-тўрт йилда кўп мактаблар қатори бизнинг мактаб ҳам замонавий қилиб таъмирдан чиқарилди. Албатта, давлат маблағлари ҳисобидан. Бу эса муносабатни ўзгартириб юборди. Қолаверса, таъмирга ота-онадан маблағ тўплаш тақиқланди. Энг асосийси, бу жараён ва мактабнинг кўринишидаги дид ўқувчиларнинг ҳам ўқиш завқини ошириб юборди.

Энди улар ҳам асраш кераклигини тушуниб қолишди. Шунақа замонавий, озода, дид билан таъмирланган жойда ўқиш ўзларига ёқиб қолгани сабаб ортиқча таъмирга эҳтиёж қолдирмаяпти. Шу сабабли мана уч йилдан бери таъмир ҳақида ўйламадик. Аммо барибир таъмирга эҳтиёж табиий вужудга келади. Бу тушунарли. Бунинг учун йиллик сметада давлат бюджетидан маблағ ажратиш имкони бор. Бу биринчиси, иккинчидан, мактаблар ҳам (жумладан, бизнинг мактаб ҳам) ҳомийлар жалб қилиш, бюджетдан ташқари маблағ топишни ўрганиб боряпмиз.

– Мактабда форма, рўмол масалаларига қандай қарайсиз? Бу каби можаролар боланинг таълимга қизиқишини сўндириб қўймайдими?

– Ўқувчи формаси доим мунозарали мавзу бўлган. Чунки дидлар ҳеч қачон бир хил бўлмайди. Қолаверса, инсоннинг, жумладан, боланинг «ёввойи» шахсияти эркинликни истайди. Доимо қолипларга қарши бўлган инсон сифатида шахсан ўзим ягона қатъий «форма»га қаршиман. Албатта, бу ўқувчининг ўзини ноқулай ҳис қилиши орқали таълимда фаол бўлишига сезиларли салбий таъсир кўрсатади.

Шундай бўлса-да, ўқувчиларнинг кийинишига доир умумий, чегараловчи ва тартибга солувчи талаблар бўлиши керак, деб ҳисоблайман.

– Жамиятда ўқитувчи мавқейи ошиши учун қандай таклиф билдира оласиз?

– Ўқитувчининг мавқейи ошиши бу каттагина ижтимоий-иқтисодий, психологик процесс орқали амалга ошади. Бунда томонлар ва уларнинг вазифалари қандай бўлиши керак, деб сўралиши тўғрироқ бўлади, деб ўйлайман.

Бу жараёнда ўқитувчи ҳам, давлат ҳам – муҳим иштирокчи. Давлат ўқитувчининг обрўли бўлишидан энг катта манфаатдор ҳисобланади. Шунинг учун давлат ўқитувчи мавқейини ошириш учун унга алоҳида статус берувчи норматив актни қабул қилиши, унда жисмоний, ижтимоий, иқтисодий ҳимоя чоралари кўрилган бўлиши керак. Юқори маош, қулай иш шароити, зиддиятларда кафолатланган ва устунлик берувчи ҳимоя шулар жумласидандир.

Аммо бу имкониятлар берилишидан олдин маълум процедуралар орқали ўқитувчиларни жиддий саралаш шарт. Яъни ҳозирда ишлаётганларнинг ҳаммаси ҳам ўқитувчи сифатида қадрланиши керак, деб ҳисобламайман.

Хоҳлайдими-йўқми, ўқитувчи ўз қадр-қимматини, шаън ва ҳурматини ифодаловчи имижни ўзи яратиши шарт. Камида давлат томонидан яратиб берилганини сақлаб қола олиши керак.

Йигитали Маҳмудов суҳбатлашди.

Мавзуга оид