Жамият | 14:27 / 11.06.2021
7092
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда яна бир йирик ёшлар лойиҳасига старт берилди

Республика бўйлаб «Ўзбекистон учун 100 ғоя» лойиҳасига аризаларни қабул қилиш бошланди. Республика миқёсида ўтаётган мазкур танловда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган барча ёшлар Ўзбекистонни ривожлантириш, шунингдек, бирор-бир соҳада мавжуд муаммога ечим бўла оладиган ғоя ва таклифлари билан иштирок этишлари мумкин.

Шу йилнинг 27 январь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев иқтидорли ёшларни кашф қилиш, уларнинг ташаббус ва интилишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида «Ўзбекистон учун 100 ғоя» лойиҳасини амалга оширишни таклиф қилган эди.  Лойиҳа доирасида шаҳар ва қишлоқлардаги ташаббускор ёшларнинг иқтисодиёт, таълим, спорт, соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари каби соҳалардаги ғояларини рўёбга чиқариш учун шароит яратилиши кўзда тутилган.

Лойиҳа ташкилотчилари: Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, IT-парк ва Ўзбекистон Республикаси президентининг 5та ташаббуси лойиҳа офиси.

Танловда иштирок этмоқчи бўлган ёшлар қуйидаги йўналишларда ўз таклифларини беришлари мумкин:

  1. Илм-фан, таълим ва соғлиқни сақлаш;
  2. Маданият ва санъат;
  3. Медиа;
  4. Спорт ва туризм;
  5. Давлат хизматларини ривожлантириш;
  6. Қурилиш, архитектура ва транспорт;
  7. Тадбиркорлик ва бандлик;
  8. Қишлоқ хўжалиги, ирригация ва агротехнологиялар;
  9. Ахборот технологиялари ва инновациялар;
  10. Экология, қайта тикланувчи энергия манбалари ва кимё технологиялари.

Қандай қатнашса бўлади?

Ташкилотчиларга кўра, лойиҳа уч босқичда ўтказилади: саралаш, ҳудудий (яримфинал) ва республика (финал). Ҳудудий босқичга (яримфинал) ҳар бир ҳудуддан 100тагача лойиҳа саралаб олинади ва 1400та лойиҳа ичидан энг сара 100та лойиҳа ғолиблар қаторидан жой олади.

Танловга аризалар 2021 йил 20 июнга қадар онлайн тарзда www.100ideas.uz сайти ёки @yuzideas_bot телеграм-боти орқали қабул қилинади. Ҳар бир ҳудуддан 100 нафар ёшлар иштирок этади жами: 1400 нафар.

Бундан ташқари, ҳар бир ҳудудда 2 кунлик тадбир ва учрашувлар бўлиб ўтади. Уларнинг ҳар бирига 1 500 нафардан ортиқ ёшлар келиши кутилмоқда. Ҳар бир вилоятда ярим финалда умумий қамров 21 000 нафардан ошади. Республика босқичида ўртача 5000-6000 нафар ёшлар иштирок этиши кутилмоқда. Умумий ҳисобда тадбирларда 30 000 нафар ёшлар қатнашади. Шунингдек, онлайн кузатувчиларни ҳам ҳисобга олганда ўртача 8-10 млн. ҳамюртларимиз қамраб олиниши кутилмоқда.

Энг яхши лойиҳалар амалиётга татбиқ этиш учун молиявий қўллаб-қувватланиши кутилмоқда.

Мавзуга оид