20:08 / 11.06.2021
28325

Евро-2020, «ўлим гуруҳи»: Чемпионлар бир квартетда

Европа чемпионати иштирокчилари билан танишувни F гуруҳи якунлаб беради.

ФРАНЦИЯ

  • ФИФА рейтингидаги ўрни — 2
  • Евро-2020га йўл — 8 ғалаба, 1 дуранг, 1 мағлубият, тўплар нисбати — 25-6
  • Саралаш турниридаги энг яхши тўпурар — Оливье Жиру (6 гол)
  • Евро тарихидаги энг яхши натижалари — ғалаба (1984, 2000)

Франция бош мураббийи

Дидье Дешам — Евро-2020 иштирокчилари орасида энг кўп маош олувчи иккинчи мураббий, у терма жамоани 2012 йилдан буён бошқариб келмоқда. Терма жамоага келишидан олдин у 2010 йилда «Марсель» билан Франция чемпиони бўлган. Дешам бошқарувида Франция жами 112 ўйин ўтказди ва шундан 74тасида ғалаба қозонди. ЖЧ-2018 ғолиби «Учранглилар»ни 2016 йилги Европа чемпионати финалига ҳам олиб чиққан, аммо ўшанда Португалия томонидан мағлуб этилганди. 2014 йилги мундиалда Дешам жамоаси 1/4 финал босқичида бўлажак чемпион Германияга ютқазиб, иштирокини тўхтатганди.

Асосий юлдузлар
Франция термаси юқори савияли юлдузлар билан тўлиб-тошган. Миллионлаб мухлислар бу жамоада биринчи навбатда Килиан Мбаппенинг ўйинларини кузатишади. 22 ёшли француз — афтидан, кейинги 10 йилликнинг асосий юлдуз футболчиларидан бўлади. Мбаппе халқаро майдонларда 2018 йилги жаҳон чемпионатидаёқ ўзини кўрсатиб қўйган. Аргентинага қарши ўйиндаги космик ҳаракатлари эвазига у турнирнинг энг яхши ёш футболчиси сифатида тақдирланганди. Сўнгги уч йилда Мбаппе янада хавфли ва серқирра ҳужумчига айланди.

Таркиб
Французларнинг таркиби ҳар қандай мураббийнинг ҳавасини келтиради — Ллорис, Варан, Павар, Канте, Погба, Коман, Гризманн. Болгарияга қарши ўртоқлик ўйинида Бензема жароҳат олиб, биринчи бўлимдаёқ алмаштирилди, аммо Дешам барчани тинчлантирди: ҳеч қандай қўрқинчли ҳолат йўқ, бу шунчаки кичик шикастланиш, аммо уни эҳтиётлаш керак эди. Агар Бензема турнир стартини ўтказиб юборса ҳам, унинг ўрнини Жиру эгаллаши мумкин.

Дарвоқе, Жиру Болгария билан ўйинда ўзига пас беришмаганидан шикоят қилгани терма жамоада кичик зиддиятли ҳолат келтириб чиқарди - ундан ҳужумдаги шериги Мбаппе қаттиқ хафа бўлган. Жиру жамоадошлари билан гаплашиб, бу хабарларга журналистларнинг саволи сабаб бўлганини, қолаверса, жавобида Мбаппени эмас, Павар ва Канте билан боғлиқ вазиятни назарда тутганини айтган. У хато қилганини тан олган. Дешам икки футболчи билан ҳам алоҳида гаплашган, кейин бутун жамоа билан суҳбат ўтказган. У нима бўлган бўлса барчасини ортда қолдириб, олға ҳаракатланиш кераклигини айтган. Сўнгги машғулотларда Жиру доимий тарзда тўпни Мбаппега узатган, машғулотлар якунида эса уни қучоқлаб қўйган.

Тахминий бошланғич таркиб: Ллорис – Варан, Кимпембе, Павар, Эрнандез – Канте, Погба – Мбаппе, Гризманн, Коман – Бензема.

Франция: Евро-2020 учун прогноз
Франция термаси, айниқса Карим Бензема қайтгани инобатга олинса, уч йил олдингидан ҳам даҳшатлироқ кўринади. Дешам жамоаси — турнирнинг мутлақ фаворити ва ғалабадан бошқа ҳар қандай натижа фанатлар томонидан қабул қилинмайди. Миллиард евролик таркиб, амалдаги жаҳон чемпиони мақоми, муҳим футболчилар янада ўсгани — «Учранглилар»ни фақат тавқи лаънат ёки тасодифий зарба тўхтатиши мумкин. Худди Евро-2016да Эдер томонидан берилган зарба каби.

ГЕРМАНИЯ

  • ФИФА рейтингидаги ўрни — 12
  • Евро-2020га йўл — 7 ғалаба, 0 дуранг, 1 мағлубият, тўплар нисбати — 30-7
  • Саралаш турниридаги энг яхши тўпурар — Серж Гнабри (8 гол)
  • Евро тарихидаги энг яхши натижаси — ғалаба (1972, 1980, 1996)

Германия бош мураббийи

5480 кун — Йоахим Лёв айнан шунча вақт мобайнида «Бундесманншафт» бошқарувида. Евро-2020дан кейин у ўз постини тарк этиши маълум бўлиб улгурган. 2014 йилги мундиал триумфатори анъанага кўра Россиядаги жаҳон чемпионатида муваффақиятсизликка учради - немислар Мексика, Швеция ва Жанубий Кореядан таркиб топган нисбатан осон гуруҳдан чиқа олишмади. Ҳозирда Евро-2020даги энг кўп маош олувчи мураббий бўлиб турган Лёв — катта ғалабалар таъмидан яна бир бор баҳраманд бўлиш ва немис футболи тарихидаги меросини янада мустаҳкамлаш имконига эга.

Асосий юлдузлар
«Немис машинаси» тамғаси бежиз пайдо бўлмаган. Германия терма жамоасида барча футболчилар қурилманинг бир элементи каби ишлайди. Аммо жамоани ортидан эргаштирувчи асосий етакчини ажратиб кўрсатиш керак бўлса, бу Йозуа Киммиҳдир. Филипп Ламнинг вориси ҳам ўз ўтмишдоши каби қайси позицияда ўйнаш бўйича оддий бўлмаган даврни бошдан кечирган. «Бавария»да Киммиҳ — майдон марказидаги муҳим фигура, терма жамоада эса кўпроқ ҳимоянинг ўнг қанотида фойдаланилган. Аммо, Киммиҳ қаерда ўйнамасин, унинг етакчилик хусусиятлари жамоа сочилиб кетишига йўл қўймайди.

Таркиб
Германия термасида барча позициячиларда кучли ижрочилар бор. Дарвозада Нойер, ҳимоя марказида Рюдигер, майдон марказида Кроос, Киммих ва Гундўған, ҳужумда Сане, Мюллер ва Гнабри. Фақат чап қанотда муаммо бўлиши мумкин, бу позицияда номинал ҳавбек бўлган Эмре Жан ўйнаб келмоқда.

Тахминий бошланғич таркиб: Нойер – Рюдигер, Гинтер, Эмре Жан, Клостерманн – Кроос, Киммиҳ, Гундўған – Сане, Мюллер, Гнабри.

Германия: Евро-2020 учун прогноз
Германия азалдан ҳар қандай турнирда фаворитлар қаторида бўлиб келади, аммо 2018 йилги жаҳон чемпионати ва 2019 йилги Миллатлар лигаси кўрсатдики, немислар ўз даражасига қайта олмаяпти. Яримфиналга чиқиш Лёв даврининг муносиб якуни бўлади. Ҳанс-Дитер Флик келгач эса немислар халқаро ареналарда гегемонлик учун қайтадан ҳаракат бошлаши мумкин.

ПОРТУГАЛИЯ

  • ФИФА рейтингидаги ўрни — 5
  • Евро-2020га йўл — 5 ғалаба, 2 дуранг, 1 мағлубият, тўплар нисбати — 22-6
  • Саралаш турниридаги энг яхши тўпурар — Криштиану Роналду (11 гол)
  • Евро тарихидаги энг яхши натижа — ғалаба (2016)

Португалия бош мураббийи

33 йиллик мураббийлик фаолиятида Фернанду Сантуш фақат Греция ва Португалиядаги клубларда ишлаган. Кейин Греция терма жамоасига мураббий бўлган. 2014 йилдан буён Сантуш — «Европа бразиллари» термасини бошқариб келмоқда. Унинг Евро-2016 триумфига қўшган ҳиссаси етарлича баҳоланмаган, шон-шуҳрат Роналдуга кетган, аммо айнан Сантуш Францияга қарши финалда Криштианунинг жароҳатидан кейин жамоани ваҳимага туширмай ўйнатганди. Куарежмани майдонга ташлаб, мураббий майдон марказидаги ромб билан 4-4-2 схемасини сақлаб қолган, якунда қўшимча дақиқаларда Эдернинг голи билан мукофотланганди.

Асосий юлдузлар
Бруну Фернандеш, Диогу Жота, Жоау Фелиш, Бернарду Силва —уларнинг барчаси келажакдаги асосий юлдузлар бўлиши тайин. Аммо ҳозир ҳақиқий юлдузлик мақоми ҳамон кексалик билмас Криштиану Роналдуда. 36 ёшида ҳам у галактик даражада ўйнашда давом этмоқда. Якунланган мавсумда Роналду А Сериянинг энг яхши тўпурари бўлди (29 гол). Евро-2016 ва Миллатлар лигаси триумфатори ҳамон жаҳондаги энг яхши футболчи эканини исботлаш учун 2022 йилги жаҳон чемпионатини кута олмайди.

Таркиб
ЖЧ-2018дан кейин Европанинг амалдаги чемпионлари таркибига ёш юлдузлар жалб этилди, аммо 2016 йилдаги жамоа ўзаги сақлаб қолинган. Фонте ҳамон ўша ҳолатда, энди унинг ёнида, эҳтимол дунёнинг энг яхши марказий ҳимоячиси — «Манчестер Сити»дан Рубен Диаш ўйнайди. Яримҳимояда Бруну Фернандеш жавлон уради. Португалларда олдинги чизиқда танлов кенг: Жота, Фелиш, Бернарду Силва. Агар Роналдуга нимадир бўлса, унинг ўрнига «Айнтрахт» сафида Бундеслиганинг якунланган мавсумида 28 гол урган Андре Силва тушиши мумкин.

Тахминий бошланғич таркиб: Антони Лопеш – Рубен Диаш, Фонте, Жоау Канселу, Рафаэл Геррейру – Жоау Моутиньо, Рубен Невеш, Бруну Фернандеш – К. Роналду, Бернарду Силва, Андре Силва.

Португалия: Евро-2020 учун прогноз
Португалия таркиби жуда сифатли, Фернанду Сантуш катта тажрибага эга, аммо 2016 йилги натижа такрорланишини кутиш қийин — Бельгия, Англия ва Франция нисбатан кучлироқ кўринмоқда.

ВЕНГРИЯ

  • ФИФА рейтингидаги ўрни — 37
  • Евро-2020га йўл — 4 ғалаба, 0 дуранг, 4 мағлубият, тўплар нисбати — 8-11, Плей-офф: Болгария — 3:1, Исландия — 2:1.
  • Саралаш турниридаги энг яхши тўпурари — Вилли Орбан (3 гол)
  • Евро тарихидаги энг яхши натижаси — полуфинал (1964)

Венгрия бош мураббийи

Марко Росси венгрларни 2018 йил июндан буён бошқариб келмоқда. Унга қадар италиялик мутахассис мураббийлик фаолиятида катта муваффақиятларга эришмаган. Аммо унинг бошқарувида терма жамоа ўтган йил 6 сентябридан буён мағлубиятга учрамай келмоқда — ўшанда венгрлар Миллатлар лигасида Россияга мағлуб бўлишганди (2:3). Ғалабасиз 10 ўйиндан иборат серия (7 ғалаба, 3 дуранг) қойилмақом натижа. Росси схемалар билан тажрибалар ўтказиб келмоқда, аммо, кўп эҳтимол билан ҳимояга кўпроқ урғу қаратган ҳолда 3-5-2 схемасидан фойдаланиши мумкин.

Асосий юлдузлар
Венгриялик футбол мухлислари ва барча чиройли футбол ихлосмандлари учун афсусланарли ҳол, терма жамоанинг асосий юлдузи — «Лейпциг» ҳавбеки Доминик Собослаи — жароҳат туфайли турнирда ўйнай олмайдиган бўлди. Унинг йўқлигини немис клубидаги жамоадошлари ҳимоячи Вилли Орбан ва дарвозабон Петер Гулачи ёпишга ҳаракат қилишади. Венгрлар олдинда терма жамоа сардори Адам Солоига таянади.

Таркиб
Май ойида жароҳат туфайли Собослоидан айрилган Венгрия асосий юлдузисиз қолди. Аммо ҳар бир чизиқда яхши ижрочилар бор: дарвозабон Гулачи, марказий ҳимоячи Орбан, яримҳимоячи Кляйнхайслер, вингбек Ловренчич, баланд бўйли форвард А. Солои.

Тахминий бошланғич таркиб: Гулачи – Орбан, Ботка, Аттила Солои – Шафер, Холендер, А.Надь, Кляйнҳайслер, Ловренчич – Адам Солои, Роланд Шоллои.

Венгрия: Евро-2020 учун прогноз
F гуруҳини шубҳасиз «ўлим гуруҳи» деб аташ мумкин, аммо, формат турниридан келиб чиққан ҳолда — плей-оффга энди 3-ўринни олиб ҳам чиқиш мумкинлигини ҳисобга олсак, — бу гуруҳда фақат венгрлар ўлади, дейиш мумкин. Улар учун бу турнир — асосан ўз юлдузларини намойиш этиш имконияти, шунингдек, қайсидир ўйинда сенсацияга ҳаракат қилиш. Қолаверса, мухлислар учун ажойиб футбол атмосфераси, ахир Венгрия термаси икки ўйинни Будапештда ўтказади.

Евро-2020: F гуруҳи тақвими
15 июнь
2100 Венгрия — Португалия (Будапешт)
0000 Франция — Германия (Мюнхен)

19 июнь
18.00 Венгрия — Франция (Будапешт)
2100 Португалия — Германия (Мюнхен)

23 июнь
00:00 Германия — Венгрия (Мюнхен)
00:00 Португалия — Франция (Будапешт)

Мавзу
Евро-2020
Пандемия туфайли кечиктирилган футбол бўйича Европа чемпионати 11 июнь куни бошланади. Турнир илк марта бутун Европа бўйлаб 11 шаҳардаги стадионларда ўтказилади.
Барчаси
Top