Англия Европа чемпионати финалида Италияга пенальтилар сериясида ютқазди ва узоқ вақт кутилган халқаро совриндан яна бенасиб қолди. 11 метрлик зарбалар серияси жуда ҳаяжонли ва ноодатий кечди: Саутгейт 120-дақиқа арафасида икки ўзгариш амалга оширди, Ҳендерсон ва Уокер ўрнига Рашфорд ва Санчо туширилди, аммо бу икки янги кучнинг иккиси ҳам ўз имкониятларини йўққа чиқарди. Ҳал қилувчи зарбани беришда эса Сака хатога йўл қўйди, у ҳам иккинчи бўлим давомида майдонга тушганди. Кўпчилик бундай муҳим паллада нега бу 19 ёшли футболчи нуқтага яқинлашганини тушунмаяпти.
Энди Саутгейтни ўзининг хато қарорлари билан ғалабани рақибга тақдим этган ландовур деб аташмоқда. Лекин бу фикрлар объектив эмас, балки ҳиссиётга асосланган, натижадан келиб чиққан ҳолда айтилган баҳодир. Рўй берган ҳодисани яхшироқ тушуниш учун ўйиннинг 117-дақиқасига, пенальтилар сериясига тайёргарлик кетаётган паллага қайтиш керак.
Англиянинг азалий муаммоси
Англияликларда ҳамиша пенальтилар сериясида ғалаба қозониш муаммо бўлиб келган. Миллий жамоанинг штатдаги пенальтичиси Кейн эди: фақат у бу ишни клубда ҳам терма жамоада ҳам барқарор равишда амалга ошириб келган (фаолиятида жами 52 уриниш, 88 фоизлик муваффақият). Қуйидаги суратда 2015 йилдан бошлаб финал ўйинидаги натижалар ҳам қўшиб ҳисобланган.

Ундан кейинги кўрсаткич Рашфордники, қолган футболчилар эса – ўйинларда 11 метрдан 10 мартадан ортиқ зарба бермаган. Овертаймлар охиригача майдонда қолган айрим футболчиларда эса бу борадаги тажриба жуда ёмон эди. Грилишда – икки зарба, Шоу ва Стоунзда – биттадан, Уокерда – ноль (у сўнгги марта 2013 йилда «Тоттенҳэм»да эканида Англия Лигаси кубогида пенальти тепишига тўғри келган), Ҳендерсонда – икки, аммо икки уринишда ҳам хато қилган. Ҳендерсон ЖЧ-2018да Колумбияга қарши ўйинда хато қилган, Евро-2020 арафасида Руминияга қарши ўртоқлик учрашувида ҳам 11 метрдан гол уролмаганди.

Бу эса Италия термасидаги пенальтичиларнинг натижалари. Ўйин давомида алмаштириб юборилган Иммобиле ва Инсиньесиз ҳам рўйхатдагиларнинг тажрибаси катталигини кўриш мумкин.

Англия дарвозаси томон Берарди, Белотти, Бонуччи, Бернардески ва Жоржиньо тепишди. Улардан фақат Бернардески ва Бонуччи фаолияти давомида ўйинларда 11 метрлик нуқтадан 10 мартадан камроқ зарба беришган, аммо уларнинг иккисининг кўрсаткичлари инглизларникидан яхшироқ: Бернардески – 2015 йилдан буён 9 уринишдан 7тасида аниқ ҳаракат қилган, Бонуччи – 6тадан 5тасида. Бонуччи доимий равишда пенальтилар сериясида иштирок этиб келади ва деярли ҳар сафар ишончни оқлаган. У фақат бир бор хато қилган – Евро-2016 чоракфиналида Германияга қарши ўйинда ҳам у ёмон зарба бермаган, шунчаки Нойер мураккаб йўллаган тўпга ета олганди (ўша ўйиннинг асосий вақтида у Нойерни доғда қолдира олганди, пенальтилар сериясида эса Германия 6:5 ҳисобида устун келган).
















