ОТМларга қабул бошланишига оз қолди. Ўқишга ҳужжат топшираётган абитуриент олий таълим олиш ўзи учун яхши келажакка йўл очиб беришидан умид қилади. Лекин ҳозирги шароитда фақат олий таълим олиб дипломли бўлишнинг ўзи меҳнат бозорида ўрин топиш учун камлик қилади.

Энди меҳнат бозори ўзи учун малакали кадрларни талаб қилмоқда, диплом эса биринчи даражали аҳамиятини йўқотиб боряпти.

Ўзбекистон аҳолисининг 1,6 миллиони – ишсиз

Сенат ялпи мажлисида айтилишича, 2021 йил 1 январ ҳолатига кўра республикада иқтисодий фаол аҳолининг 1,6 млн нафари ишсиз. Уларнинг 805,2 минг нафари – ёшлар, яъни 16–30 ёш оралиғидаги фуқаролар.

Меҳнат бозорига 2021 йилда яна 560 минг битирувчи кириб келади. ОТМларни 103 мингдан ортиқ, умумтаълим мактабларини 440 мингга яқин, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини 18 мингдан зиёд ёшлар тамомлайди.

Натижада 2021 йилда ёшлар бандлигини таъминлаш учун эҳтиёж 1,3 миллиондан ошади.

Фақатгина олий маълумотли кадрларнинг ўзи бир йилда 103 мингдан ортиққа кўпаймоқда. Бу эса шунча янги меҳнат ресурси иш ўрни учун даъвогар бўлишини англатади. Меҳнат ресурси билан боғлиқ рақамлар йилдан йилга ошиб бораверади.

Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини 2030 йилга қадар 50 фоизга етказиш белгиланган. Ўтган йили бу кўрсаткич 25 фоиз эди.

Демак, 9 йилдан кейин олий маълумотли кадрлар сони деярли икки бараварга (хусусий университетлар тайёрлайдиган кадрлар ҳисобига ундан ҳам кўпроқ) ошади. Бу – кадрлар бозорда нон топиши учун кучли кураш бошланишини англатади. Курашда ғалаба қозониб ишли бўлиш учун эса фақат дипломли эмас, малакали кадр бўлиш кўпроқ муҳимдир.

«Диплом яқин келажакда ҳеч нарсани ҳал қилмайди» — Абдували Холиқов

«Келаётган ўқув йилидан барча ОТМларнинг биринчи курс талабалари учун кредит-модул тизими жорий этилади. Бу тизимда ўқиш учун талаба ўз устида кўпроқ ишлаши керак. Агар ўз устида ишламаса, унинг курсдан қолиш эҳтимоли ошади ва ўқишни тугатиши учун 8 йил муддат берилади», дея олий таълимда янги тизимга ўтилаётгани ҳақида маълумот берган эди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов