14:23 / 14.06.2021
9431

ДХХ раиси кубогининг финал босқичи бошланди

12 июнь куни мини-футбол бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси кубогининг финал босқичи очилиш маросими бўлиб ўтди.

Маросим доирасида сўнгги босқичга қуръа ташланди.

Финал раундига Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан ўз ҳудудий босқичларида ғалаба қозонган жами 14та жамоа етиб келган.

Қуръа ёрдамида жамоалар 4 та гуруҳга бўлинди. Ҳар бир гуруҳдан биринчи ва иккинчи ўринни қўлга киритган жамоалар чоракфинал йўлланмасига эга чиқади.

Шунингдек, алоҳида қуръа орқали жамоаларга Ўзбекистон Суперлигасининг таниқли мутахассислари маслаҳатчи-мураббий сифатида бириктирилди.

Турнир Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Профессионал футбол лигаси ҳамкорлигида ўтказилмоқда. Ўйинлар «Бунёдкор» академияси майдонларида бўлиб ўтади.

«Мусобақа маҳаллалардаги ёшлар ўртасида катта қизиқишга сабаб бўлгани қувонарли. Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида бундай яхши анъана жорий этилмоқда. Ушбу мусобақа келгуси йилларда ҳам мунтазам ўтказилиши режалаштирилган.

Ҳозирга қадар туман ва вилоят босқичларида жами 60мингдан зиёд ёшлар иштирок этиб улгурди», – дейди ПФЛ бўлим бошлиғи Зоҳиржон Акрамхонов.

Яримфинал, 3-ўрин учун баҳс ва финал учрашувлари 15 июнь куни бўлиб ўтади.

Турнир якунида ғолиб жамоага кўчма кубок топширилади ва ушбу соврин келгуси мавсумгача ғолиб жамоа ихтиёрида бўлади.

Шунингдек, биринчи ўрин соҳибларига ўзлари истиқомат қилувчи ҳудудда мини-футбол стадиони, 2–3-ўрин эгаларига эса «Workout» тренажёр майдонлари қуриб берилади.

Top