Спорт | 10:04 / 14.06.2021
9079
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик дзюдочилар жаҳон чемпионатининг аралаш жамоавий йўналишида учинчи ўринни қўлга киритди

Ўзбекистон дзюдо терма жамоаси Венгрия пойтахти Будапештда ўтган жаҳон чемпионатида аралаш жамоавий йўналишда учинчи ўринни қўлга киритди.

Будапешт шаҳрида 7–14 июнь кунлари дзюдо бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Сўнгги кунги баҳсларда ўзбекистонлик дзюдочилар илк бор жаҳон чемпионатининг аралаш жамоавий йўналишида учинчи ўринга эга чиқди.

Аралаш жамоавий баҳсларда дастлаб мезбон Венгрия (4:2), чорак финалда Бразилия (4:0) термасидан устун келган ўзбекистонлик дзюдочилар яримфиналда французларга қарши кечган баҳсларда мағлуб бўлди (1-4). Бронза медали учун кечган беллашувда Жанубий Корея термаси 4:1 ҳисобида таслим этилди.

Бундан аввал яккалик баҳсларда 90 кг вазнда Давлат Бобонов жаҳон чемпионатининг кумуш медалини қўлга киритганди.

Шу тариқа Ўзбекистон дзюдо терма жамоаси жаҳон чемпионатини битта кумуш ва аралаш жамоа йўналишидаги бронза медали билан якунлади.

Шунингдек, мусобақанинг сўнгги кунида жаҳон чемпионати мезбонлигини топшириш маросими бўлиб ўтди. Халқаро дзюдо федерацияси байроғи кейинги мезбон сифатида Ўзбекистонга топширилди.

Дзюдо бўйича келгуси жаҳон чемпионатига 2022 йил Тошкент шаҳри мезбонлик қилади. Бу ушбу спорт турида катталар ўртасидаги илк дунё биринчилиги сифатида тарихда қолади. Мусобақа саналари расман маълум қилинмаган.

Мавзуга оид