Жаҳон | 21:52 / 15.06.2021
34630
9 дақиқада ўқилади

«Бизда кимнидир ўлдириш одати йўқ». Путиннинг Навальний, Байден ва АҚШ билан муносабатлар ҳақидаги интервьюсидан асосий маълумотлар

Россия президенти администрацияси сайти Владимир Путин Жо Байден билан учрашув арафасида Американинг NBC телеканалига берган интервьюси матнини эълон қилди. Путин Алексей Навальнийнинг қамоқдан омон чиқишига кафолат бермаслигини айтган, шунингдек, Россия АҚШга қарши киберуруш олиб бориши ҳақидаги айбловга жавоб қайтарган.

Фото: Россия президенти администрацияси

Путиннинг интервьюси дастлаб NBC News сайтида инглиз тилида эълон қилинганди, кейинроқ суҳбатнинг тўлиқ стенограммаси Россия президенти сайтида жойлаштирилди.

NBC журналисти Кир Симмонс Путиндан Россияда мухолифатчилар таъқиб қилиниши ҳақида сўрар экан, Алексей Навальнийнинг фонди экстремистик ташкилот сифатида қайд этилганини эслаб, тўғридан тўғри шундай савол қўйган: «Сиз Навальний қамоқдан тирик ва соғ чиқишига кафолат беришга тайёрмисиз?

«Қулоқ солинг, бизда бундай қарорни президент қабул қилмайди, қамоқдан озод этиш ёки озод этмаслик тўғрисидаги қарорларни суд қабул қилади. Соғлигига келсак, қамоқхоналардаги барча одамларнинг соғлигига тегишли маъмуриятлар жавоб беради. Сиз айтаётган одамга ҳам шундай методлар қўлланади, аниқ айтишим мумкинки, ҳеч кимга бошқаларга нисбатан ёмонроқ муносабатда бўлинмайди», деган Путин.

Шундан кейин Симмонс аниқлик киритган: «Унинг исми Алексей Навальний. Сиз у қамоқдан чиқади деб айтишга тайёр эмасмисиз?»

«Мени диққат билан эшитинг. Уни истаганча аташингиз мумкин, у озодликдан маҳрум этиш муассасасидаги одамлардан бири. Мен учун у Россия суди томонидан судланган ва қамоққа тушган Россия Федерацияси фуқароси, бундайлар кўп», деган бунга жавобан у.

«Шунинг учун бошқаларга қараганда ёмонроқ эмас. Биз ҳеч кимга ҳеч қандай эксклюзив қилмаслигимиз лозим, бу тўғри бўлмайди, барча бир хил шароитда бўлиши керак, бу «мумкин қадар қулайлик бериш» принципи деб аталади. Ва бу сиз айтаётган одамга ҳам тааллуқли» - деган президент.

Симмонс Путиндан Навальнийнинг ўлдирилишини ташкиллаштириш бўйича кўрсатма берган-бермаганини сўраган. «Албатта, йўқ. Бизда кимнидир ўлдириш одати йўқ», дея рақибини йўқ қилишга буйруқ берганини рад этган Путин.

Журналист «Россиядаги ўзгача фикрловчилар тақиқ остида» экани ҳақида гапирган, Путин буни ҳам тан олмаган: «Буни сиз Россиядаги ўзгача фикрлилик ва Россиядаги норозиликларга тоқатсизлик сифатида тасвирлаяпсиз. Биз эса бунга бутунлай бошқача қараймиз».

NBC Путиннинг интервьюси бир ярим соат давом этганини маълум қилган.

«АҚШга қарши киберуруш»
Симмонс Путиндан Америка объектларига қилинган ҳакерлик ҳужумлари, АҚШ ҳукумати бунда Россия махсус хизматларидан гумон қилаётгани, шунингдек, расмий Москванинг Америка президентлик сайловларига аралашуви борасида сўраган. «Жаноб президент, сиз Америкага қарши киберуруш олиб борасизми?» дея Путинга савол қўяди журналист.

Путин бундай айбловлар асоссизлигини айтган. «Бизни нимада айблашмаган ўзи: сайловларга аралашув, киберҳужумлар ва ҳоказо. Шу билан бирга, бирор марта қандайдир далил келтирилмаган, шунчаки қуруқ айбловлар. Мен ҳайронман, нега бизни ҳалигача Black Lives Matter ҳаракатини қўзғашда айблашмаяпти. Аммо биз буни қилмаганмиз», деган у.

NBC журналисти россияликларнинг киберкенгликдаги хатти-ҳаракатлари бўйича Америка махсус хизматлари томонидан эълон қилинган бешта мисолни келтирган: 2016 ва 2020 йиллардаги президентлик сайловларига аралашув, коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқиш ва тайёрлаш, SolarWinds серверлари ва Microsoft компаниясига киберҳужумлар.

Бунга жавобан Путин деган: «Сиз менга бундай маълумотни ким айтгани ҳақида маълумот беряпсиз. Аммо ҳақиқатан ҳам шундай бўлганига далиллар қани? Мен сизга айтаман: мана шундай бўлган, буни у айтди, уни бу айтди, далил эса қаерда? Бундай асоссиз айбловлар бўйича сизга биргина жавоб бера оламан: Халқаро жинсий ислоҳотлар лигасига шикоят қилишингиз мумкин. Бу сизни қониқтирадими?»

Алмашув имконияти
Путиндан АҚШ ва Россия ўртасида маҳбусларни алмашиш имконияти ҳақида ҳам сўралган, хусусан, Россияда узоқ муддатга қамалган Америка фуқаролари - Пол Уилан ва Тревор Рид тақдири билан қизиқилган.

«Сизнинг денгиз пиёдангиз - шунчаки пиёниста ва безори. У полицияга қаршилик кўрсатгани учун тўққиз йилга қамалган. У ўлгудек ичиб, ароққа чўмилган ва жанжал чиқарган, полициячини урган. Бу ишнинг алоҳидалиги йўқ, маиший масал», деган Путин Тревор Рид иши ҳақида.

«Бу бўйича музокаралар эҳтимолига тўхталсак [маҳбуслар алмашуви] ‒ марҳамат, гаплашиш мумкин. Биз ҳам табиийки, АҚШдаги қамоқхоналарда ўтирган фуқароларимиз масаласини қўямиз. Бу мулоқот предмети. Марҳамат.

Билишимча, бизда озодликдан маҳрум этилган бир қанча Америка фуқаролари бор. Аммо агар Америка Қўшма Штатларидаги қамоқхоналарда сақланаётган Россия Федерацияси фуқароларини санасак, солиштириб бўлмайдиган рақамлар чиқади», деган Путин.

Путин америкалик фуқароларни россияликларга алмашиш имконияти бўйича гапириб, кокаин контрабандаси учун АҚШда 20 йилга қамалган учувчи  Константина Ярошенкони эслаб ўтган.

«Ойнадан ўпкалама»
NBC журналисти Путиндан Байденнинг Россия дунёдаги беқарорликни кучайтираётгани ҳақидаги айбловига муносабатини сўраган, Россия президенти эса бунда айнан АҚШнинг ўзи айбдорлигини айтган. Путин Вашингтоннинг Сурия, Афғонистон ва Ливиядаги ҳаракатларини эслаб ўтган.

Журналистнинг Россиядаги ўзгача фикрловчиларни таъқиб этиш ҳақидаги саволига қайтиб, Путин АҚШда ҳам хорижий агентлар тўғрисида қонун қабул қилинганини айтиб ўтган. Шунингдек, Капитолийга ҳужумда гумонланиб юзлаб кишилар ҳибсга олингани ва намойишчилардан бири ҳалок бўлганини эслаган.

«Бизда шундай бир мақол бор: юзинг қийшиқ бўлса, ойнадан ўпкалама. Бунинг шахсан сизга ҳеч қандай алоқаси йўқ, лекин кимдир сизни бирор нимада айбласа, ўзингизга расм соласиз, ойнада бизни эмас, ўзингизни кўрасиз. Бу ерда ғайриоддий ҳеч нарса йўқ», деган Путин.

Аввалроқ NBC интервьюдан парча эълон қилган, унда Симмонс Путиндан «қотилмисиз» деб сўраганди. Президент саволга тўғридан тўғри жавоб беришдан қайтиб, ўзига барча томонлардан қилинадиган ҳужумларга ўрганиб кетганини таъкидлаган. «Ишим давомида мен жуда кўп сабабларга кўра турли даражадаги ва ҳар хил йўналишдаги ҳужумларга одатланиб қолганман. Бу мени ажаблантирмайди. Мен бундай айбловларни ўн марталаб эшитганман, айниқса Шимолий Кавказда терроризмга қарши оғир курашимиз вақтида. Мени ҳамиша Россия давлати ва рус халқи манфаатлари қизиқтирган. Қолгани мени мутлақо ташвишга солмайди», деган Путин.

Байден ва Трамп
Путин 16 июнь куни Женевада Байден билан учрашади. Россия етакчиси сўнгги марта америкаликлар президенти билан 2018 йилда кўришган.

Россия президентининг сўзларига кўра, музокаралар ўтказиш бўйича ташаббус айнан Байден томонидан билдирилган. Шу билан бирга, у Кремль «шундай таклиф кутаётган бўлгани, чунки Штатларнинг ички сиёсатидаги масалалар муносабатларни мақбул даражада тиклаш имконини бермай келгани» ҳақида айтиб ўтган.

Симмонс Путиндан унинг АҚШнинг ҳозирги ва аввалги президентига муносабатини сўраган. «Мен ҳозир ҳам АҚШнинг собиқ президенти жаноб Трамп ‒ фавқулодда ва истеъдодли инсон деб ҳисоблайман, акс ҳолда у АҚШ президенти бўлолмасди. У ёрқин шахс, у кимгадир ёқиши, кимгадир ёқмаслиги мумкин. Бу, албатта, Америка истеблишменти маҳсулоти эмас, у аввал катта сиёсатда ҳеч қачон бўлмаган. Ёқса ёқмаса, шундай», деган россияликлар етакчиси.

«Президент Байден, албатта, Трампдан тубдан фарқ қилади, чунки у профессионал, у қарийб бутун умрини сиёсатда ўтказган. У кўп йиллар давомида бу иш билан шуғулланади. Бу буткул бошқа инсон. Менимча амалдаги президент томонидан импульсив ҳаракатлар бўлмайди - плюслари ҳам, минуслари ҳам бор - биз мулоқотнинг умумий қоидаларига риоя қиламиз, нималаргадир келишамиз, тил топиша оламиз», дея давом этган Путин.

Апрелда Байден Россияга қарши янги санкциялар киритиб, буни киберҳужумларга ҳамда 2020 йилги президентлик сайловларига аралашув учун жавоб деб атади. Шундан сўнг Вашингтон ва Москва дипломатлар чиқариб юборилгани ҳақида эълон қилди.

Мавзуга оид