Жаҳон | 13:04 / 16.06.2021
1938
2 дақиқада ўқилади

Францияда мигрантлар учун «FinDaWay» иловаси ишлаб чиқилди

Франция жанубидаги бошпана изловчиларга уларнинг маъмурий ҳолати, турар жойи, соғлиғи ёки ҳатто кундалик эҳтиёжларини қондиришда ёрдам берадиган янги мобил илова ишга туширилди. Мазкур «FinDaWay» деб номланган янги дастур бошпана изловчиларга маъмурий жараёнлар ҳамда Франциядаги ҳаёт ҳақидаги умумий ва фойдали маълумотларни тақдим этади.

Фото: Getty Images

Қайд этилишича, Франциянинг жануби-шарқидаги Вар вилоятида ишга тушган тизим олти тилда (француз, инглиз, рус, араб, испан ва пушту) мавжуд бўлиб, iOS ва Android қурилмаларида бепул юклаб олиш ва фойдаланиш мумкин.

Департамент баёнотида ушбу илова Вар вилоятидаги бошпана изловчилар ва қочқинларга бошпана бериш жараёнини осонлаштириш ва уларнинг француз жамиятига интеграциялашуви (қўшилиши)ни тезлаштиришга ёрдам бериши ва маълумотларни ҳар бир фойдаланувчи учун шахсийлаштирилган ҳолда тақдим этиши таъкидланган.

FinDaWay иловаси Германия ва Италияда вазифаси деярли ўхшаш бўлган дастурлардан илҳомланган ҳолда яратилган. Ушбу илова Вар маъмурияти, мигрантларга ёрдам уюшмалари, муҳожирлар ва қочқинлар фойдаланувчилари ўртасидаги биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижаси эканлиги таъкидланмоқда.

Иловада маъмурий ёрдамдан ташқари амалий маслаҳатлар ҳам берилган. Масалан, бошпана изловчи ушбу илова орқали овқатланиши мумкин бўлган жойлар, яқин атрофдаги кундузги марказлар, касаллик билан даволанадиган жойлар ва улар жойлашган жойда кир ювиш жойлар локацияси ҳақида маълумот олса бўлади.

«FinDaWay» мутахассислар ҳамда фойдаланувчилар ўртасида қулай маълумот алмашинувини амалга оширишга имкон ҳам беради.

2020 йилда жаҳон соғлиқни сақлаш тизими пандемия туфайли инқирозни бошдан кечирди. Франция қочқинлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни ҳимоя қилиш агентлигига (OFPRA) 95 мингга яқин шахс (жумладан, 86 000 таси илк бор) бошпана сўраб мурожаат қилган.

2021 йил 31 март ҳолатига кўра, Италия чегарасидан узоқ бўлмаган Вар вилоятида 1083та ихтисослашган турар жой мавжуд бўлиб, маълумотларга қараганда, бу 2017 йилги кўрсаткичлардан уч бараварга кўпайган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид