Жаҳон | 23:57 / 17.06.2021
7720
2 дақиқада ўқилади

Атлантика орқали Британиядан АҚШ томон экипажсиз автоном кема йўлга тушди

Экипажи бўлмаган ва фақат сунъий онг билан бошқарилувчи кема Атлантика океани орқали ўз сафарини бошлади.

Фото:twitter.com/PlymUni

Кема 1620 йилда Америкага келган биринчи савдо кемаси шарафига Mayflower деб ном олган. У Британиядан АҚШ томон йўл олди ва белгиланган манзилга 3 ҳафтадан кейин етиб келиши керак. Режага кўра, кема дастлаб АҚШ шимолида жойлашган Кейп-Код яриморолидаги Провинстаун шаҳрида тўхтаб, сўнгра Плимутга йўл олади

15 метрлик тримаран IBM компанияси ва ProMare нотижорат ташкилотининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари ёрдамида лойиҳаланган. Нархи 1,3 млн долларни ташкил қилувчи кема қуёш энергиясида ишловчи гибрид электр двигателлар билан жиҳозланган. Унинг бортида камералар ўрнатилган. Кема сунъий онг ёрдамида бошқарилади.

Ҳозирда ушбу кема Атлантикани кесиб ўтадиган энг йирик автоном кема ҳисобланади. Ушбу лойиҳадан кўзланган мақсад океандаги пластик микрозарралар ҳақида ахборот йиғиш ҳисобланади.

Дастлабки режага кўра, кема ўз саёҳатини Mayflower савдо кемаси АҚШга келишининг 400 йиллиги доирасида 2020 йилда амалга ошириши керак эди. Бироқ коронавирус пандемияси ва номақбул об-ҳаво шароитлари сабабли сафарни кечиктиришга тўғри келган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид