Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти кўчаларда ва ташкилотлар пештоқида хорижий тилда ёзилган эълон ва пешлавҳаларни давлат тилидагисига ўзгартириш, бу борадаги ишлар ўз вақтида юритилаётгани ҳақида кўп гапиради. Аммо ҳар қандай қонун ёки қарор ижроси жойларда, жамиятдаги ҳолатларда билинади. Кўряпмизки, бу борадаги ишлар сезиларли эмас, ўлда-жўлда. Кўчалар мантиқсиз ва шармандали тарзда хорижий, жумладан, рус тилидаги эълон, пешлавҳаларга тўла.

Биз ташкилот мудири Абдуғаффор Қирғизбоев билан интервью уюштирдик ва ҳолат юзасидан изоҳ сўрадик.

— Абдуғаффор ака, сиз суҳбатларда департамент бу бўйича қаттиқ ишлаётгани, ўзбек тилига ўгирилган реклама эълони ва пешлавҳалари бўйича рақамларни келтирасиз, лекин биз, жамоатчилик бу борада умуман ўзгариш сезмаяпмиз. Нима қиляпсизлар ўзи?

— Саволингиз ўринли, аслида департамент ташкил қилинишидан кўзланган мақсад ҳам бутун мамлакат ҳудудида давлат тили мавқейини кўтариш.

Сиз кўчалардаги эълон ва пешлавҳаларнинг ўзбек тилида эмаслиги ҳақида гапиряпсиз. Рост, ҳозир кўчаларда зиёли у ёқда турсин, оддий одамнинг ҳам ғашини келтирадиган ҳолатлар жуда кўп.

Бир ярим йил давомида департамент ва унинг жойлардаги бўлимлари томонидан республикадаги 30 мингга яқин эълон ва пешлавҳалар давлат тилига ўзгартирилди.

Биз бу бўйича жами 35 мингта ҳолатни ўрганган бўлсак, шуларнинг 70 фоизи хорижий тилларда, яна 10 мингга яқин эълон ва пешлавҳалар эса давлат тилида аммо хато билан ёзилган экан.

Мен ҳайронман, хусусий тадбиркор: бирорта хорижий тилни билмайди, лекин очган дўкони тепасига хорижий тилда эълон ёпиштиради.

Яна шундай ҳолатлар бор, Ўзбекистоннинг бирор чекка қишлоғи, у ерда бошқа миллатнинг ўзи йўқ, лекин дўкон пешлавҳасига «Мы открылись» (биз очилдик) деб ёзиб қўйишмоқда. Бу нима шармандалик?!

Бу каби мантиқсизлик ҳолатлари давлат идораларида ҳам бор. Масалан, бир туманга борганда расмий қарорлар чиқадиган ҳужжат бланкаси устида ҳам ўзбекча, ҳам русча ёзувларни кўрдим.

Ҳокимга савол беряпман: «Россиянинг бирор туман, шаҳрида қарорлар бланкаси устида русча-ўзбекча ёзишадими?» Вилоят ва туман раҳбарлари бу масалага жиддий эътибор қаратиши керак.