Жаҳон | 17:53 / 18.06.2021
19017
2 дақиқада ўқилади

1 сентябрдан бошлаб МДҲ фуқаролари учун Россияга кириш қоидалари ўзгаради

Жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб барча МДҲ давлатлари фуқаролари учун Россияга кириш фақат махсус илова орқали амалга оширилади.

Фото: Sputnik /Алексей Майшев

Бу ҳақда Россия Федерацияси бош вазирининг ўринбосари Алексей Оверчук Москвада бўлиб ўтган МДҲ Иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб барча МДҲ давлатлари фуқаролари учун Россия Федерациясига кириш фақат « COVID-19’сиз саёҳат қил» иловаси орқали амалга оширилади.

«Барча мамлакатларга иловага қўшилиш қатъиян тавсия этилган», деди у.

27 январь куни Россия бош вазири Михаил Мишустин фармойиш имзолади, унга кўра ЕОИИ мамлакатлари фуқаролари Беларус ва Арманистон орқали Россияга фақат коронавирус бўйича салбий тест натижаси тақдим этиладиган илова мавжуд бўлганда киришлари мумкин.

Илова 2021 йил 1 февралдан иш бошлади. У ЕОИИ доирасида хавфсиз ҳаракатланиш учун яратилган.

Иловада рўйхатдан ўтгандан сўнг, фойдаланувчига режалаштирилган саёҳат кунида келиш/кетиш мамлакатидаги амалдаги чекловлар ва қоидалар, тасдиқланган лабораториялар рўйхати ва тест топшириш учун лабораториялар тўғрисида маълумот юборилади. 

Платформа ишга туширилгандан сўнг, Мишустин Қозоғистон ва Қирғизистонни унга қўшилишга таклиф қилди.

«Биз яқин келажакда Қозоғистон ва Қирғизистон бунга қўшилишига умид қилмоқдамиз. Шунингдек, барча ҳамкор давлатлар аҳолиси Россияга кела олишига ҳам имкон яратилади», деди у.

Тожикистон ЕОИИ аъзоси эмас, аммо энди ушбу давлатни «Келаётган мамлакат» ва «Кетаётган мамлакат» устунларида танлаш мумкин. Ўзбекистон мамлакатлар рўйхатида йўқ.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид