Ўзбекистон | 23:18 / 18.06.2021
8094
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Миллий гвардияси ва Корея Миллий полиция агентлиги ҳамкорликни йўлга қўйди

16-20 июнь кунлари Корея Республикаси Миллий полиция агентлигининг Бош комиссари Ким Чанг Ёнг бошчилигидаги делегация расмий ташриф билан Ўзбекистон Республикасида бўлиб турибди.

Фото: Миллий гвардия

Мазкур ташриф давомида юқори мартабали меҳмон ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони генерал-майор Рустам Жўраевлар ўртасида музокаралар бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Миллий гвардия матбуот хизмати.

Учрашувда Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки кунларидан бошлаб мамлакатлар ўртасида дўстона мулоқот ўрнатилгани, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил ривожланаётгани ҳамда кўп қиррали ҳамкорлик кенгайиб бораётгани таъкидланди.

Музокаралар давомида томонлар ўзаро ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати тўғрисида фикр алмашди. Шунингдек, хавфсизлик ва кадрлар тайёрлаш соҳаларида ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.

Шу куни Миллий гвардия ва Корея Миллий полиция агентлиги, шунингдек, Ички ишлар вазирлиги ўртасида икки ва кўп томонлама ҳамкорлик ҳужжатларини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Хусусан, хавфсизлик ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва Корея Республикаси Миллий полиция агентлиги, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети ва Корея миллий полиция университети ўртасида англашув меморандумлари имзоланди.

Тадбир якунида идоралар раҳбарлари иштирокида брифинг ўтказилиб, унда идоралараро ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.

Шу билан бирга, ташриф дастури доирасида Корея делегацияси Миллий гвардия Ихтисослаштирилган ўқув маркази ва Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетига ташриф буюрди.

Ташриф давомида меҳмонлар таълим муассасаларининг инфратузилмаси, ўқув фаолияти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва ҳарбий тузилмалар учун кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизими билан яқиндан танишдилар.

Мавзуга оид