15:09 / 20.06.2021
69412

Андижонда президент ташрифи олдидан экилган буталар ташрифдан кейин олиб қўйилгани айтилган видео тарқалди. Вилоят ҳокимлиги ва шаҳар ҳокими изоҳ берди

19 июнь куни интернетда президент ташрифи муносабати билан Андижон шаҳрида кўчалар четларига экилган арчалар ва гуллар қайтадан кавлаб олинаётгани ҳақидаги видео тарқалди. Андижон вилояти ҳокимлиги ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Қайд этилишича, видеолавҳада акс эттирилган ҳолат шаҳар ободонлаштириш бўлими томонидан ҳудудда ободонлаштириш ишлари олиб борилаётган вақтда тасвирга туширилган. Ободонлаштириш ишлари олиб бориш жараёнида гулларга шикаст етмаслиги учун улар тасвирда акс этган автомашина ёрдамида соя-салқин жойга бир оз муддатга кўчириб турилган.

«Йўлнинг 50 метр узунликдаги қисмида олиб борилган бу тадбир давомида экологлар тавсиясига кўра, қайта ўтқазилган кўчатларнинг янада ўсиб ривожланиши учун зарур агротехник шарт-шароит яратилган. Айни пайтда бу манзарали буталар яна ўз жойига қайта ўтқазилган», дейилади ҳокимлик муносабатида.

Андижон шаҳри ҳокими Баҳромжон Ҳайдаров ҳам ушбу видео юзасидан изоҳ берган.

Баҳромжон Ҳайдаров

У «бу дарахтлар 24 соат давомида парваришга муҳтожлиги»ни қайд этиб ўтган.

«Қуриган жойларини олиб, бошқатдан экамиз. Бу жараён доимий давом этади», деган у ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бу ҳолатни президент ташрифи билан боғламасликни сўраган.

Қайд этиш керакки, вилоят ҳокимлиги ва шаҳар ҳокимининг изоҳлари бир-бирини рад этмоқда. Вилоят ҳокимлиги хабарида арчалар ва гуллар салқинга олингани ва яна жойига қайтарилгани айтилган, Баҳромжон Ҳайдаров эса қуриган дарахтлар алмаштирилгани ҳақида гапирган.

Шунингдек, вилоят ҳокимлиги арчалар ва гуллар қачон салқинга олиниб, қачон жойига қайтарилганига аниқлик киритмаган.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлардаги ўзгаришлар, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида 17-18 июнь кунлари Андижон вилоятида бўлганди.

Top