Ўзбекистонда ер ажратиш тартиби такомиллаштирилмоқда. Унга кўра, ҳокимларнинг фуқаролар ва юридик шахсларга ер участкаларини тўғридан тўғри ажратиш ва олиб қўйиш ваколати бекор қилинмоқда, бундан буён барча ҳудудларда ер майдонлари аукцион орқали сотилади. Шунингдек, давлат органлари эндиликда қайсидир ташкилотга ер ажратилиши учун имтиёз берилишини сўраб чиқа олмайди.

Kun.uz кутилаётган шу ва бошқа ўзгаришлар, умуман, янги тартиб жорий этилишига олиб келган сабаблар ҳақида Бош прокуратура мутасаддиларидан интервью олди.

– Президентнинг ер муносабатларини тартибга солишга оид янги фармони қабул қилинишига қандай эҳтиёж бор эди? Янги тартибга кўра, амалда нималар ўзгаради ва бу нима беради?

Элдор Аъзамов,
Бош прокуратуранинг Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантиришга оид қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси прокурори:

– Ер соҳасига оид қонунчилик прокурорларнинг кундалик иш юритувидаги соҳалардан ҳисобланади. Фармон қабул қилиниши ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Маълумки, ер муносабатларига босқичма-босқич ўтиляпти. 2019 йилда қабул қилинган 5742-сонли фармонда айниқса, суғориладиган ерларни муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Яъни фармоннинг 5-бандида суғориладиган ерларни бошқа мақсадлар учун ажратиш фақат президент қарори билангина амалга оширилиши белгиланди.

Элдор Аъзамов

Янги фармон қабул қилинишига асос бўлувчи омиллардан бири қишлоқ хўжалик ерлари ўзлаштирилиши ҳисобланади. 2020 йил ва жорий йилнинг ўтган 5 ойи мобайнида бутун республика миқёсида прокуратура ва бошқа вазирликлар билан ўтказилган ўрганишлар олиб борилди. Натижада 7,1 минг гектардан ортиқ қишлоқ хўжалик ерлари ўзбошимчалик билан эгаллангани аниқланди. 8,7 минг гектар ерда ноқонуний қурилиш қилингани фош этилган. Шунингдек, 5,3 минг гектар қишлоқ хўжалик ерларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланилгани аниқланиб, мазкур ерлар туман ҳокимликлари захирасига қайтарилган.

Ушбу белгиланган даврда туман ҳокимликлари томонидан ер ажратишга оид 7,5 мингта қарор қонунга зид равишда қабул қилингани ҳамда 120 минг гектар ер ноқонуний ажратилгани маълум бўлди.