17:00 / 24.06.2021
15768

Евро-2020: Испания аҳмоқона автоголдан кейин «қутурди», Швеция украинларни плей-оффга олиб чиқди

Гуруҳдаги икки дурангдан кейин «Қизил фурия» ниҳоят ўзидан кутилган ўйинни намойиш этди ва Словакияни йирик ҳисобда енгиб, плей-оффга йўл олди.

Евро-2020. Е гуруҳи
Словакия — Испания — 0:5 
(0:2)
Голлар: Дубравка, 30 — автогол (0:1). Ляпорт, 45+3 (0:2). Сарабия, 56 (0:3). Торрес, 67 (0:4). Куцка, 71 — автогол (0:5).
Аниқ ижро этилмаган пенальти: Мората, 12 (вратарь)
Словакия: Дубравка, Губочан, Пекарик, Шатка, Шкриньяр, Гамшик (Бенеш, 90), Куцка, Дуда (Лоботка, 46), Хараслин (Вайсс, 69), Хромада (Дюриш, 46), Мак (Суслов, 69).
Испания: Симон, Аспиликуэта (Траоре, 77), Жорди Альба, Ляпорт, Гарсия (Пау Торрес, 71), Бускетс (Тиагу Алкантара, 71), Коке, Сарабия, Мората (Торрес, 66), Морено (Ойярсабал, 77), Педри.
Огоҳлантиришлар: Дуда, 12. Бускетс, 40. Жорди Алба, 60. Шкриняр, 90.
Ҳакам: Кайперс. ван Рукел, Зайнстра (барчаси — Нидерландия).
ВАР: ван Букел. Блом (иккиси — Нидерландия), Гиттельманн, Данкерт (иккиси — Германия).
23 июнь. Севилья. «Олимпийский» стадиони.

Ҳамманинг тилидаги гаплар гуруҳ босқичининг сўнгги тури арафасида «Қизил фурия» лагерида ҳам янграй бошлади. Терма жамоанинг энг тажрибали футболчиси Серхио Бускетс шундай деди: «Испания термасига ғолиблик психологияси етишмаяпти». ЖЧ-2010 ва Евро-2012 турнирларида ғолиб бўлган бу инсон буни ҳаммадан яхшироқ тушунади. Шу билан бирга, Луис Энрике жамоасида ғалаба қозонишдан бошқа йўл йўқ эди ва испанлар йирик турнирларда аввал ҳам шунга ўхшаш вазиятларда қолишган.

Гап ўтган асрдаги воқеалар ҳақида кетмоқда. Евро-1984да ҳам Испания стартдаги икки дурангдан кейин Германияни мағлуб этиб гуруҳдан чиққан ва якунда финалга қадар етиб борганди. Ўн йил ўтиб ЖЧ-1994да шундай вазиятда Боливиядан ўтилган, Евро-1996да эса — Руминияни мағлуб этиш шарт бўлиб қолганди. Тўртинчи уриниш ҳам муваффақиятли чиқди.

Бускетс омад ҳақида ҳам гапирганди, Испанияга бу борада ҳам муаммолар кузатилаётганди. Бу словакларга қарши ўйин бошида ҳам билинди — Бьорн Кайперс видеотакрордан кейин Хромада Кокенинг оёғига ўйнаганини қайд этди ва пенальти белгилади. Бир қарашда бу омаддек эди, аммо Мората дарвозабонни алдай олмади. Испанлар Европа чемпионати тарихида етти бор ўйин вақтида пенальтидан фойдалана олмаган ва бу рекорд кўрсаткичдир.

Эҳтимол сўнгги вақтларда танқидлар остида қолган Моратага ишонч билдириш тўғри бўлмагандир. Гап фақат унга психологик  босимда эмас, у «яққол вазиятларни йўққа чиқариш бўйича етакчи» ҳамдир. WhoScored статистика портали маълумотига кўра, «Ювентус» форварди Дубравкага дуэлни бой бериши — тўртинчи яққол голли вазиятни увол қилишидир.

Лекин гап фақат Моратанинг ўзидами? Аввалги турда Польшага қарши ўйинда «нуқта»га Морено яқинлашганди. Ла лигада Месси ва Бенземадан кейинги учинчи снайпер бўлган ҳужумчи бунгача қаторасига 12 пенальтини аниқ ижро этганди, бу сафар устунни кўзлади. Ноябрда штатдаги пенальтист Серхио Рамос эса Миллатлар Лигасида Швейцарияга қарши ўйинда биратўла икки пенальтини йўққа чиқарганди. Евро арафасида Литвага қарши ўртоқлик учрашувида асосий футболчилар карантинга жойлаштирилган, майдонга ўринбосарлар жамоаси чиққан, Абель Руис эса 11 метрлик зарбалардан гол ура олмаслик анъанасини давом эттирганди. Натижада — қаторасига беш хато.

Аммо барибир Испаниянинг омадсизликлари барҳам топди ва кутилмаган совға келди. Бу вазиятда барчаси словакларнинг орқага хато пас бериши билан бошланди, тўпни эгаллаб олган Сарабия узоқдан берган зарба тўсинга тегиб юқорига кўтарилди, тўп пастга тушаётганида эса биринчи бўлимнинг шу вақтига қадар қаҳрамон бўлиб турган Дубравка уни майдон ташқарисига йўналтириш ўрнига, ўз қўллари билан дарвоза ичига уриб юборди.

Евро-2020нинг энг яхши тўпурари автогол бўлиб турибди. Севильяда Куцка иштирокидаги яна бир голдан кейин — турнирдаги автоголлар сони 8тага етди. Бу 2000 йилдан кейин ўтказилган Европа чемпионатларининг барчасидаги кўрсаткичдан юқоридир. Аввалги Европа биринчиликларида дарвозабонларнинг автоголлари бўлмаган.

Севилья қуёшида Словакия бутунлай ҳолдан тойди ва танаффусга қадар иккинчи голни ҳам ўтказиб юборди — Испания сафида ўйнашга қарор қилган Ляпорт терма жамоадаги илк голини урди. Ўйиннинг иккинчи бўлими эса рақибни қийнашга айланиб кетди, словаклар испанлар учун корридадаги ҳўкиз вазифасини бажариб беришди. Фернан Торрес майдонга тушишидан 44 сония ўтиб товони билан эстетик гол уриши - испан тореадорининг буқага ўлимвор укол уриши билан тенг бўлди.

Испания бир сўз билан айтганда, плей-офф иштирокчилари сафига ёриб кирди. Бундай ўйин плей-оффда ҳам давом этадими, кўрамиз. Фақат Луис Энрике шогирдлари ўйинларни пенальтилар сериясигача олиб бормасликлари керак, улар бу турнирда ҳам, 2018 йилги жаҳон чемпионатида ҳам 11-метрлик жарима зарбаларини ижро этиш заиф томони эканини кўрсатишди. 

Польша шведларга ютқазди ва сўнгги ўринда қолди. Швеция ва Испаниянинг ғалабаси Украинани плей-оффга олиб чиқди

Евро-2020. E гуруҳи
Швеция — Польша — 3:2
 (1:0)
Голлар: Форсберг, 2 (1:0). Форсберг, 59 (2:0). Левандовски, 61 (2:1). Левандовски, 84 (2:2). Классон, 90+4 (3:2).
Швеция: Ульсен, Лустиг (Крафт, 68), Аугустинссон, Линделеф, Даниэльсон, Ларссон, Экдаль, Куайзон (Кулушевски, 55), Форсберг (Классон, 78), Олссон, Исак (Берг, 68).
Польша: Шченсни, Глик, Берешиньски, Беднарек, Пухач (Франковски, 46), Криховяк (Плахета, 78), Клих (Козловски, 73), Зелиньски, Южвяк (Шверчок, 61), Левандовски, Свидерски.
Огоҳлантиришлар: Даниэльсон, 10. Криховяк, 74. Глик, 83.
Ҳакамлар: Оливер. Беннетт, Берт (барчаси — Англия).
ВАР: Кавана. Беттс (иккиси — Англия), Дингерт (Германия), Аттуэлл (Англия).
23 июнь. Санкт-Петербург. «Газпром Арена» стадиони.

Шведлар учун Санкт-Петербургдаги стадион омадли келмоқда. Улар бу ерда ўтган турда Словакияни мағлуб этишганди (Форсберг пенальтини аниқ ижро этган), уч йил муқаддам жаҳон чемпионати 1/8 финалида Швейцарияга уйга жавоб берилганди. Ўшанда ўйин томошабоп бўлмаган, аммо скандинавлар 1:0 ҳисобидаги ғалабага эришганди. Ўйинда ягона голни Форсберг урганди.

Евро-2020 гуруҳ босқичининг сўнгги ўйинида шведларга ғалаба зарур эмасди — улар иккинчи турдан кейин гуруҳда етакчига айланиб, плей-офф масаласини ҳал қилишганди. Назарий жиҳатдан бу ўйинда уч очко сув ва ҳаводек зарур бўлган поляклар билан келишган ҳолда ютқазиб бериш ҳам мумкин эди. Мухлислар бахтига Европа чемпионати ҳалол ўтмоқда, буни шведлар иккинчи дақиқадаёқ намойиш этишди. Яна Форсберг гол урди.

Швеция термаси яримҳимоячиси учун «Газпром Арена» стадиони икки карра омадли. У Санкт-Петербургда миллий жамоаси учун ҳам, ўз клуби учун ҳам гол урган. 2018 йилда «Лейпциг» «Зенит» билан дуранг ўйнаб, Форсбергнинг ҳиссаси билан Европа Лигаси чоракфиналига чиққан, 2019 йилда эса немислар клуби петербургликларни ЕЧЛ гуруҳ босқичи доирасидаги ўйинда мағлуб этган, Форсберг голли узатма берганди.

Форсберг Польшага қарши ўйиннинг 2-дақиқасидаёқ дарвозани ишғол этди ва турнирнинг энг тезкор голи муаллифига айланди, турнир тарихидаги рекорд эса 2004 йилги Европа чемпионатида кейинчалик чемпионга айланган Греция дарвозасига тезкор гол урган Дмитрий Кириченкога тегишли. Россиялик форвард учун гол уришга 67 сония етарли бўлганди, швециялик ҳавбекка бироз кўпроқ — 81 сония.

Шведлар ўзлари учун классик бўлган 4-4-2 схемасида ўйинни бошлашди, Польша ҳам кўп йиллик тажрибадан ўтган 3-5-2 схемасидан воз кечмади. Аммо полякларнинг дастлабки икки ўйиндаги тактикаси ўзини оқламаган, шведлар уларнинг заиф нуқталаридан хабардор эди. Шу билан бирга, кучли томонларидан ҳам.

Умуман олганда, Польшанинг кучли томони барчага маълум — Роберт Левандовски. Аммо «Бавария» форварди миллий жамоада клубидагидан кўра ёмонроқ ўйнамоқда. Левандовски мюнхенликлар сафида бир метр масофадан туриб тўпни тўсинга тепишини тасаввур қилиб бўлмайди. Польша сафида эса — бу мумкин. Биринчи бўлимда Левандовски бир дақиқа ичида икки бор боши билан дарвоза тўсинини нишонга олди — лекин бу у терма жамоада умуман гол урмайди дегани эмасди.

Швеция биринчи бўлим охири ва иккинчи бўлим бошини бўш ўтказди, аммо биргина алмаштириш ўйинни яна ўзгартирди — Евро бошланиши арафасида коронавирусга чалиниб қолган Деян Кулусевски майдонга тушишидан тўрт дақиқа ўтиб гол яратди. Албатта, голни Форсберг урди.

Ҳисоб 2:0 кўринишига келгач поляклар керакли натижадан бутунлай умидини узиши мумкин эди, агар уларнинг сафида замонанинг энг яхши футболчиларидан бири бўлмаганида. Ҳа, Левандовски терма жамоада «Бавария»даги каби самарадорлик кўрсата олмади. Аммо унинг индивидуал маҳорати йўқ бўлиб ҳам қолмайди. Иккинчи голдан кўп ўтмай у жарима майдонига кирар-кирмас ажойиб зарба берди, тўп парашют бўлиб дарвозанинг узоқ «тўққизлиги»га бориб тушди.

Левандовскининг голи Польша учун дефибриллятордек таъсир қилди — польшаликлар олдинга интилишди ва тезда иккинчи голни ҳам уришди, аммо офсайд туфайли гол бекор қилинди. Швеция ҳимоясига босим давом эттирилди, Левандовски барибир ҳисобни тенглаштиришга эришди.

Поляклар учун дуранг натижа камлик қиларди, улар плей-оффга чиқиш учун яна олдинга чиқишди.

Ўйиннинг якуний қисми швецияликлар дарвозасини қамал қилиш билан ўтди, аммо скандинавлар туриб бера олишди. Қўшимча дақиқаларда эса  Классон польшаликларнинг умидларини кўмувчи голни уриб кетди.

Швециянинг натижаси ва Испаниянинг Словакия устидан йирик ҳисобдаги ғалабаси Украинани плей-оффга чиқувчи жамоалар орасида қолдирди. Евро-2016да чорак финалда иштирок этган Польша эса бу сафар қитъа биринчилигини гуруҳ босқичида якунлайдиган бўлди.

Мавзу
Евро-2020
Пандемия туфайли кечиктирилган футбол бўйича Европа чемпионати 11 июнь куни бошланади. Турнир илк марта бутун Европа бўйлаб 11 шаҳардаги стадионларда ўтказилади.
Барчаси
Top