Жаҳон | 15:33 / 25.06.2021
11985
1 дақиқада ўқилади

Польша Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетади

Полша Афғонистондаги 20 йиллик ҳарбий фаолиятини тугатади. Барча ҳарбий хизматчиларни шу ой охиригача олиб чиқиш режалаштирилган.

Бу ҳақда Полша президенти Анжей Дуда 24 июнь куни ўзининг Тwitter саҳифасида маълум қилган.

Унинг таъкидлашича, апрель ойида НАТО иттифоқчилари Афғонистондаги ҳарбий кучларни АҚШ билан биргаликда 11 сентябрга қадар олиб чиқишни келишиб олишган.

«Иттифоқчилар билан келишувга мувофиқ, биз Полша ҳарбий контингентининг Афғонистондаги миссиясини узайтирмасликка қарор қилдик. Июн ойи охиридан бошлаб биз НАТОнинг тарихдаги энг йирик операциясида иштирок этишни тўхтатамиз», деган Полша президенти ўз Тwitter саҳифасида.

Маълумот учун, Полша ҳарбийлари 2001 йилдан бери Афғонистондаги миссияларда қатнашиб келмоқдалар.

АҚШ президенти Жо Байден ҳам Афғонистондан қўшинларини 2021 йил 11 сентябргача олиб чиқиш тўғрисида қарор қабул қилганини эълон қилганди. Халқаро кучлар мамлакатни тарк эта бошлаганидан кейин «Толибон»нинг ҳаракатлари фаоллашди ва бир нечта ҳудудларни эгаллаб олди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид