Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Нақдсиз тизимга ўтишда картани тўлдириш комиссияси бекор қилиниши керак — иқтисодчи
1 апрелдан бошлаб, чўнтагида пули бор, лекин картасида йўқ одам расман олиб қараганда машинасига бензин ё газ қуёлмайди. Иқтисодчи Отабек Бакиров, истеъмолчилар манфаатидан келиб чиқиб, ҳеч бўлмаса ўтиш даврида банк карталарини тўлдириш учун комиссияларни ноллаштиришга чақирди.
Отабек Бакиров / Фото: Kun.uz
Бакировга кўра, бундай ташаббусни Марказий банк илгари суриши мақсадга мувофиқ.
“Карталарга ва карталарни нақд пул билан тўлдиришга боғлиқ бўлган ҳамма комиссиялар ноллаштирилиши керак, ҳеч бўлмаганда ўтиш даври учун. Буни тижорат банклари ёки тўлов ташкилотлари ўзларининг ихтиёри билан қилмайди, чунки буёқда тўлов тизимлари белгилаб қўйган комиссиялар бор-да. Шу ерда регулятор майдонга чиқиши керак. “Ўртоқлар, 1 апрелдан бошлаб нақдсиз ҳисоб-китобга ўтяпмиз, кирим билан боғлиқ бўлган ҳамма комиссиялар бекор бўлади, чиқим билан боғлиқ комиссияларни бозор асосида амалга оширaверасизлар”, деган қандайдир ишорани кутяпман, мисол учун-да.
Агар биз транзакцион харажатлар, яъни комиссияларни назарда тутяпман, тартибга солмасак, тескари эффект беради. Маълум муддат битимлар амалга оширилмаслиги мумкин. Ёки, автомобиллар билан кўп юз беради: олди-сотди қилинмайди-да, ишончнома асосида битим амалга оширилади. Тескари эффект беради, халқ, истеъмолчилар барибир йўлини топишга ҳаракат қилади. Вақти келди шу чоралар ҳақида ўйлашга. Регуляция ҳақида ўйлашга. Бу регуляция айтганимдек, занжирни – тўлов тизими, тўлов ташкилоти, банклар билан боғлиқ ҳамма жараёнларни қамраб олиши керак”, – дейди у Kun.uz студиясидаги суҳбатда.
Банк соҳаси мутахассисининг қайд этишича, автомобил ва кўчмас мулк олди-сотдиси тўлиқ нақдсиз шаклга ўтказилиши – аслида тижорат банклари учун имконият.
“Бугун автомобил ёки уй-жойларнинг 5 фоизи ёки 10 фоизи – кредит асосида олинганлари банклар орқали ўтяпти. Энди тасаввур қилинг, юз фоиз ўтадиган бўлса, каррасига ошадими уларнинг ҳажми? Банклар ҳам ўз-ўзидан тушуниб етадики, энди комиссияларимни камайтирсам ҳам ўша даромадни олар эканман деган нарса пайдо бўлади. Буни ҳали кўпчилик тушуниб етгани йўқ. Банкларнинг даромади камайиб қолмасмикан деган хавотир бор. Йўқ, даромади камаймайди. Сабаб – ҳажм каррасига ошади”, – дейди Отабек Бакиров.
“Мана бугун, илғор банкларимиздан бири акция сифатида эълон қиляпти: бизнинг карталаримизга нақд пул солсангиз 2 фоиз комиссия. Бу акция экан, тушуняпсизми? Уларнинг назаридa 2 фоиз билан карта тўлдиришимиз мумкин экан деб, чопиб боришимиз керак”, – дея қўшимча қилади у.
“Банклар пулни сақлаб қолиш учун жозибадор таклифлар бера бошлайди” – Исмоил Туропов

Суҳбатда иштирок этган банк соҳасининг яна бир мутахассиси Исмоил Туроповга кўра, нақд пулни нақдсиз шаклга ўтказиш комиссияларини минималлаштириш орқали банклар мижоз жалб қилиб, кирим қилинган маблағларни банк тизимида сақлаб қолишга ҳаракат қилиши мумкин.
“Одамларни бошида ўргатиб олиш учун, “картада сақлайверасан, сендан ҳеч нарса кетмайди” деган ғоя билан тарғибот олиб борилса, пул, биринчидан, банк тизимига кириб олади. Иккинчидан, мижознинг пулини банкда сақлаб қолиш учун ҳам банклар курашади. Сиз кирим қилинган пулни банкоматдан ечсангиз, фоиз олади. Банк айтадики, бизга омонатга қўй, дейди ёки бошқа бирор маҳсулот таклиф қилади. Яъни банк пулни ўзида сақлаб қолишга ҳаракат қилади.
Тўлов тизимининг ўзи хизмат кўрсатувчи сифатида чиқувчи операциялардан даромад олавериши керак. Чунки кирувчи маблағ кирганидан кейин барибир чиқиб кетади. Пул кирдими – Uzcard'гами, Humo'гами – у қачондир чиқиб кетади: P2P бўлибми, нақд пул кўринишидами. Ҳаммасига комиссия бор. Супермаркетга бориб 1 млн сўмга савдо қилсангиз, картангиздан тўлаган пулингизнинг маълум қисми дўкон эгасидан комиссияга кетади – карта чиқарганга, терминал чиқарган банкка, карта оператори – Uzcard ва Humo'га ҳам. Улар шундоқ ҳам даромад оляпти. Барча чиқувчилардан даромад олиняптими, демак кирим қилишни ноллаштириш, имтиёз беришни ўйлаб кўриш керак”, – дейди Исмоил Туропов.
1 апрелдан нима ўзгаради?
Президент фармонига кўра, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб қуйидагилар учун тўловлар фақатгина банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади:
- давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар;
- электр энергияси, табиий газ, ичимлик сувидан фойдаланганлик учун тўловлар;
- алкогол ва тамаки маҳсулотлари;
- транспортларга ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали аҳолига нефт-газ маҳсулотларини сотиш ва электрда ҳаракатланадиган транспортларни зарядлаш бўйича хизматлар;
- қиймати 25 млн сўмдан ошадиган товар ва хизматлар;
- кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган M, N, O ва G тоифага кирувчи транспортлар ҳамда махсус автотранспорт воситаларини сотиш ва сотиб олиш.
Ўтган ҳафта Марказий банк 1 апрелдан бошлаб кўчмас мулк ва автомобил олди-сотдисидан давлат банклари ундириши мумкин бўлган комиссиянинг максимал чегарасини эълон қилди:
- Кўчмас мулк бўйича: комиссия базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизидан ошмайди (яъни 206 000 сўмгача).
- Автотранспорт воситалари бўйича: комиссия базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 фоизидан ошмайди (яъни 103 000 сўмгача).
- Муҳим жиҳат: агар харидор ва сотувчига битта банкда хизмат кўрсатиладиган бўлса, комиссия фақат бир марта олинади.
- Агар харидор ва сотувчининг банклари бошқа-бошқа бўлса, ҳар бир банк комиссиянинг ярмидан ошмаган қисмини олади.
Агар битим амалга ошмаса ёки бекор қилинса, эскроу ҳисобварағидаги маблағ харидорга қайтарилади.
Мавзуга оид
20:23 / 21.03.2026
Анъанавий ва исломий банк: уларнинг фарқи нимада?
13:38 / 20.03.2026
“Ислом молиясида хайр-барака бор, чунки у Аллоҳ таолонинг инояти” – Ҳасан Қодиров
18:21 / 18.03.2026
Уй ва автомобил олди-сотдисидан банклар қанча комиссия олади?
17:35 / 18.03.2026