Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Усмонлилар даврига тегишли асл манбалар сақланади – Анқара университетига саёҳат (фото)
UzbekLife лойиҳасини кўпдан буён катта қизиқиш билан кузатиб бораман. Ўзим каби чет элда истиқомат қилаётган ватандошлар тайёрлаётган контентлардан илҳомланган ҳолда ушбу мақола орқали ўзим таҳсил олаётган олийгоҳ ҳақида маълумот бермоқчиман.
70 мингга яқин талаба таҳсил олади
Туркиянинг энг машҳур университетлари рўйхатида пешқадамлардан бири ҳисобланган Анқара университети расман 1946 йилда ташкил этилган.
Дунёнинг ТОП-1000 таликка кирувчи бу университет мамлакат миллий рейтингида ҳам 6-ўринни мустаҳкам эгаллаган.
Анқара университети ўз ичига 18 та факультет, 1 та консерватория, 14 та институт, 113 та бакалавр йўналишлари ва 49 та тадқиқот марказларини қамраб олади. Университет факультетлари кампусларда жойлашган. Хусусан, Тандоған, Гўлбаши, Жебежи, Дишкапи каби кампуслар мавжуд.




Кампуслар ичида спорт майдонлари, овқатланиш ва талабалар дам олиш жойлари бор. Кампусларнинг яна бир ўзига хослиги унинг «яшиллиги»дир. Кампусга келган ҳар қандай инсон дарров бунинг фарқига боради.
Анқара университетида 70 мингга яқин талаба таҳсил олади. Шулардан 5 мингга яқини дунёнинг турли давлатларидан келган талабалардир. Чет элдан келган талабалар давлат ва хусусий ётоқхоналарда жойлашишлари мумкин.




Усмонлилар даврига тегишли асл манбалар сақланади
Ётоқхоналар нархлари шароитига кўра ўзгаради. Баъзи ётоқхоналарда нонушта ва кечки овқат берилади. Албатта, овқат пули ойлик тўлов ичига кириб кетади. Тушликни университет кампуси ичида жойлашган ошхоналарда арзон нархларга қилса бўлади. Талабалар учун чегирмалар мавжуд. 5-6 минг сўм бўлиши мумкин.
Университетда ўқиш осон эмас. Дарсларни ташкил этиш услуби Ўзбекистон ОТМларидаги дарсларга ўхшаш. Аммо бу ерда талаб кучли. Шунинг учун бўлса керак оқшомлари ҳам олийгоҳ ҳудудида талабаларни учратиш мумкин.
Туркия университетларида ўқиш 5 кун давом этади. Бакалавр талабаларининг дарсдан сўнг ишлашлари қонунан тақиқланган. Аммо магистр ва PhD талабалари дарсдан сўнг ишлашлари мумкин.




Университетнинг энг катта кутубхонаси Тандоған кампусида жойлашган. Ва албатта, бошқа кампусда ҳам кутубхоналар мавжуд. Кутубхоналар бой китоб фондига эга. Бу ерда, ҳатто, Усмонлилар даврига тегишли асл манбалар ҳам сақланади.
Кутубхона 8:00 дан 17:00 га қадар фаолият юритади. Электрон кутубхона хизмати ҳам йўлга қўйилган. Талабалар бу тизим орқали онлайн китоб буюртма қилиш имконига эга.


Университет кампусларида талабалар учун барча қулайликлар яратилган. Мисол сифатида катта теннис кортлари, сузиш ҳавзаси, турли спорт майдонлари, дам олиш ва суҳбатлашиш учун ўриндиқлар мавжуд. Талабалар бўш вақтларида турли фаолиятлар билан шуғулланишади. Бунинг учун мусиқа фестиваллари, театр клублари мавжуд. Талабалар учун тез-тез саёҳатлар ташкил этилади.



Туркиянинг 10-президенти Аҳмед Неждат Сезер таҳсил олган
Анқара университети ўз тарихида машҳур инсонларга таълим берган. Жумладан, Туркиянинг 10-президенти Аҳмед Неждат Сезер, Туркиянинг 1950-60 йиллардаги машҳур бош вазири Аднан Мендерес, ўнлаб вазир ва давлат амалдорлари, академиклар, олимлар, машҳур шоир ва ёзувчилар айнан Анқара университетида таҳсил олишган.



Анқара университетида ўқишни хоҳлаганлар учун бир қанча имкониятлар мавжуд. Масалан, YÖS Uluslararası Öğrenci Sınavı ва Туркия грантлари дастури орқали ўқиш мумкин. YÖS синови фақат чет-эллик талабалар учун мўлжалланган. Бунда 3 та фандан имтиҳон топшириш талаб этилади. Булар математика, геометрия ва мантиқ фанларидан бўлиб ўтади. Имтиҳонга кириш учун талабалар маълум тўловни амалга оширишлари керак. Тўлов университетларга кўра фарқланади.



Музаффар Ҳабибуллаев
Туркиядаги Анқара университети магистранти
Мавзуга оид
18:17 / 15.06.2026
Туркиянинг зилзиладан жабрланган Ҳатай вилоятида Ўзбекистон маҳалласи очилди
15:55 / 13.06.2026
Туркияда 3 кунда 4 нафар ўзбекистонлик вафот этди
20:23 / 12.06.2026
D гуруҳи таништируви. Мезбон АҚШ кимлар билан ўйнайди?
22:23 / 08.06.2026