Жаҳон | 18:17
920
2 дақиқада ўқилади

Туркиянинг зилзиладан жабрланган Ҳатай вилоятида Ўзбекистон маҳалласи очилди

Ўзбекистон Ҳатай вилоятининг Арсуз туманида 24 та кўп қаватли уйдан иборат турар жой мажмуасини барпо этди.

Фото: uza.uz

Туркиянинг Ҳатай вилояти, Арсуз туманида Ўзбекистон маҳалласининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. 2023 йил февраль ойида ушбу ҳудудда вайронкор зилзила содир бўлиб, кўплаб талафотларни юзага келтирган эди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нуриддинжон Исмоилов, Туркия Буюк миллат мажлиси раиси Нуман Қуртулмуш, Ҳатай вилояти ҳокими Мустафо Масатли, Туркия парламенти вакиллари, Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ходимлари ҳамда маҳаллий аҳоли иштирок этди.
Қайд қилинишича, Ўзбекистон Ҳатай вилоятининг Арсуз туманида, Ўртаер денгизи соҳилида 300 дан зиёд хонадон, жами 24 та кўп қаватли уйдан иборат турар жой мажмуасини барпо этган. Бу жойда Самарқанд, Тошкент номи билан аталувчи кўчалар, Бухоро жоме масжиди, Шавкат Мирзиёев номи билан аталувчи хиёбон, Ўзбекистон дўстлик боғи, маҳалла ошхонаси, болалар учун ўйингоҳ ва майдончалар бор.
Тадбирда вайронкор зилзила қардош турк халқи учун оғир синов бўлгани, Ўзбекистон биринчилардан бўлиб ёрдамга келгани, қўллаб-қувватлагани алоҳида таъкидланди. Икки қардош халқ ўртасидаги ҳамжиҳатлик, ҳамкорлик бардавом бўлиши, келажак авлодларимиз мисолида давом этиши қайд этилди. Очилиш маросимида Ўзбекистон санъат усталари томонидан байрамона концерт дастури тақдим этилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид