Филиппиндаги авиаҳалокат қурбонлари сони 45 нафарга етди
Қутқарувчилар Филиппин ҳарбий-ҳаво денгиз кучлари самолёти қулаган жойда 42 ҳарбий ва 3 фуқаронинг жасадини топишди. Шунингдек, 5 ҳарбий бедарак йўқолган, деб ҳисобланмоқда.
Аввалроқ С-130 ҳарбий самолёти Холо оролига қўниш вақтида ҳалокатга учрагани маълум қилинганди. Самолёт Кагаян-де-Оро шаҳридан 96 ҳарбийни Холо оролига олиб кетаётган бўлган. Ҳарбийлар оролга экстремистлар ва айирмачиларга қарши кураш учун йўналаётган бўлган. Маълумотларга кўра, самолёт аэропортга қўниш вақтида учиш-қўниш йўлагидан ўтиб кетган ва яқин орадаги қишлоққа бориб урилган. Шундан кейин воқеа жойида ёнғин чиққан.
CNN Philippines телеканали маълумотларига кўра, ҳалокатда тирик қолган 49 ҳарбийдан 32 нафари Замбоанга шаҳридаги шифохонага етказилган. Воқеа жойида қидирув ишлари давом этмоқда.
Филиппин мудофаа вазири Делфин Лорензана қутқарув амалиёти тугаши биланоқ воқеа тафсилотларини ўрганиш бўйича тергов ўтказишни буюрган. Таъкидланишича, бу Филиппинда жорий йилда ҳарбий авиатехника билан юз бераётган тўртинчи бахтсиз ҳодисадир. Охирги бундай авиаҳалокат 2 ҳафтагина олдин юз берган: 24 июнда пойтахт Манила яқинида S-70i Black Hawk ҳарбий вертолёти қулаши оқибатида 6 киши ҳалок бўлган.
Мамлакат парламенти вакиллар палатасининг мудофаа ва хавфсизлик бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Раффи Биазоннинг таъкидлашича, келгусида бундай ҳодисалар такрорланмаслиги учун охирги авиаҳалокатлар терговини икки карра тезлаштириш зарур. “Ушбу ҳалокатлар сабабини, хоҳ инсон хатоси, хоҳ техника носозлиги ёки об-ҳаво шароити бўлсин, аниқлаш лозим. Агар ҳалокатларга техника ишламай қолгани сабаб бўлса, бу харид қилинган мулк сифати бўйича саволлар туғдиради. Агар бунга экипаж хатоси сабаб бўлса, унда шахсий таркиб тайёргарлигини қайта кўриб чиқишга тўғри келади”, деб таъкидлаб ўтган Биазон.
Мавзуга оид
17:25
Қозоғистон ҳалокатга учраган AZAL самолёти «қора қути»ларини Бразилияга жўнатади
11:24
Асл дўстлик ва биродарлик мана шундай бўлади – Алиев Қозоғистонга миннатдорлик билдирди
20:25 / 29.12.2024
Жанубий Кореяда самолёт ҳалокати туфайли бир ҳафталик мотам эълон қилинди
19:12 / 29.12.2024