Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Соҳада ёшларга алоҳида эътибор берамиз» — «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқарув раиси ва Қашқадарё вилояти ҳокими ёшлар билан учрашди
«Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев ва Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Китоб туманида ёшлар билан учрашди.


Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган учрашувда ёшларнинг муаммолари, таклиф ва режалари эшитилди.
Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев мазкур очиқ мулоқот бир ой давомида ёшлар билан ўтказилган турли даражадаги учрашувлар, тадбир ва фестивалларнинг мантиқий давоми бўлганини айтиб ўтди. Хусусан, қашқадарёлик ёшларни эшитиш, қўллаб-қувватлаш мақсад қилинган тадбирда «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан олиб борилган саъй-ҳаракатлар учун миннатдорчилик билдирди.


Ўз навбатида, «Ўзбекнефтгаз» раҳбари Меҳриддин Абдуллаев нефт ва газ соҳаси ривожланиши йўлида Қашқадарё вилояти аҳолисининг меҳнати алоҳида ўрин тутиши, вилоят бу соҳанинг юраги эканлигини билдирди. Умуман, вилоятда бу борада катта мактаб шакллангани, шу сабабли ҳам вилоят ёшларининг тизимда меҳнат қилиши учун катта имкониятлар мавжудлиги айтиб ўтилди. Вилоятнинг ватанпарвар, меҳнаткаш ва танти инсонлари сабаб бугун бу соҳа ривожланишда давом этаётганини эътироф этди.


«Биз нефт ва газ соҳасида тажрибага эга бўлган ходимларимизни албатта қадрлаймиз. Шунинг баробарида соҳада ёшларга алоҳида эътибор беришни мақсад қилганмиз. Эллик мингдан ортиқ ходимларимизнинг салмоқли қисми ёшлардан иборат. Нега бундай деяпман? Ёшларнинг қалби қайноқ бўлади. Улар сўрашдан, фикрини айтишдан, таклиф билдиришдан ҳайиқишмайди.
Қолаверса, бугун биз ёшларимиз орқали, уларнинг бир нечта тилларни билиши, салоҳияти билан тизимни ёшартиришни режалаштирганмиз. Шу мақсадда ҳар йили бир қанча ёшларимизни хорижда ўқитиш, уларнинг контрактларини тўлаб беришни зиммамизга оляпмиз. Аҳамиятлиси, уларнинг ҳеч бирига отанг ким, кимнинг боласисан, деган савол берилмаяпти. Иқтидор, салоҳиятини инобатга оляпмиз», деди Абдуллаев.
Учрашувда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишдан ташқари, ўз таклифларини ҳам билдиришди.


Учрашувда китоблик ёшлар спорт, фан ва маданият соҳасини ривожлантириш учун кўмак сўрашди. Туманда истироҳат боғини янги лойиҳа асосида таъмирлаш, фан ва спорт тўгараклари фаолиятини жонлаштириш, олимпиадачи ёшларни марказда ўтказиладиган тадбирларга олиб бориш учун транспорт билан таъминлаш ҳақида таклифлар билдирилди.
Шунингдек, «Ўзбекнефтгаз» тизимида ишлаш ниятида бўлган ёшларнинг мурожаати эшитилиб, ёшлар учун бериладиган имконият, қулайликлар ҳақида маълумот берилди.
Учрашувда «Ўзбекнефтгаз» раҳбари ҳамда вилоят ҳокими ёшларга эркин саволлар бериш орқали уларнинг билимини синовдан ўтказди, билимдон ёшлар тақдирланди.


Учрашувда ёшларнинг ахборот технологиялари, спорт, маданият ва ҳунармандчилик соҳаларида қилган ишлари, китобхонлик ҳамда техника йўналишларида эришган ютуқлари билан танишилди.
Ахборот технологиялари йўналишида муваффақиятга эришган ҳамда ўзининг мактаб интернет сайтини яратган ўқувчига ноутбук совға қилинди.
Учрашувда «Ёшлар дафтари»га киритилган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оила фарзандларига тикув машиналари ва бошқа турдаги жиҳозлар берилди.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқарув раиси жиззахлик ва фарғоналик ёшлар билан ҳам очиқ мулоқот ўтказишни режалаштирган.
Журналист Исомиддин Пўлатов
Оператор ва монтаж устаси Фахриддин Ҳотамов
Мавзуга оид
09:05 / 01.02.2026
Қамоқдаги каттаконлар, антикоррупция вертикали ва туғилишнинг пасайиши — ҳафта дайжести
11:37 / 19.12.2025
Нефт-газ соҳасида кутилган натижаларга эришилмаяпти — Қўчқоров
20:28 / 17.12.2025
«Ўзбекнефтгаз» Трампга яқин экани айтиладиган лобби компания билан 5 йиллик шартнома имзолади
18:59 / 17.12.2025