Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Туркияда 77 мингдан ортиқ кишидан пул олиб, чет элга қочиб кетган шахс турк суд тизимига ихтиёрий равишда таслим бўлди
Туркияда ўзи асос солган Çiftlik Bank орқали ўн минглаб одамларни алдаган ва қидирилаётганларнинг қизил рўйхатида бўлган Меҳмет Ойдин Бразилияда Сан-Паулу бош консуллигига таслим бўлди.
«Тосунжук (одатдагидан каттароқ туғилган бола – таҳр.) лақаби билан танилган Меҳмет Ойдинни олиб келувчи самолёт бугун кечқурун 22:30да Туркияда бўлади», деди Туркия ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Чатакли.
Ойдин электрон тўлов тизимлари орқали ўғрилик қилиш, кооперативлар тузиш орқали одамларни алдаш, ўз жиноятини молиялаштириш учун ташкилот тузиш, йиғилган активларни легаллаштириш ва солиқ қонунчилигини бузиш каби айбловлар бўйича Интерпол қидирувида бўлган.
Адвокатлари орқали Sözcü газетасига юборган видеомурожаатида Ойдин «айбсиз ва жабрланувчи» эканини, буни исботлаш учун «турк суд тизимига ихтиёрий равишда таслим бўлиши»ни маълум қилди.
Ойдиннинг адвокати Шеҳмус Улуч эса, Sözcü газетасига берган баёнотида консуллик билан боғланишгани ва Меҳмет Ойдиннинг Туркияга экстрадицияси бўйича расмий ишлар бошланганини айтди.
Меҳмет Ойдин нималар деди?

Sözcü веб-сайтида эълон қилинган видеода Ойдин, Çiftlik Bank ўйини билан ҳеч кимга зарар етказиш ёки одамларни алдаш ниятида бўлмаганини билдирди.
«Мен Меҳмет Ойдин. Маълумки, мен Çiftlik Bank’нинг асосчиси ва ихтирочиси эдим. Ушбу лойиҳани бошлашдан мақсадим ўйин платформамиздан фойдаланувчи одамларга ҳам ўйин ўйнаш, ҳам компаниямизнинг реклама бюджетига ажратган пулидан фойдаланган ҳолда қўшимча даромад олишларига имкон яратиш эди. Менда ҳеч қачон кимгадир зарар етказиш ёки кимнидир алдашга оид ҳеч қандай фикр ёки уриниш бўлмаган.
Биз яратган ўйин платформасини сиз яхши кўргансиз ва қабул қилгансиз. Биз ҳам сиздан куч олиб, Туркиянинг 81 вилоятида франчайзалар, гўшт, сут, асал ва тухум ишлаб чиқаришга сармоя киритдик. Аммо сўнгги пайтларда компаниянинг тезлик билан ривожлангани, унинг атрофидаги ёмон ниятли одамларнинг қинғир йўл билан фойда кўргани ва бунга интилганини жуда кеч англаб етганим учун мен ҳам худди сиз каби вазият қурбони бўлдим. Чет элда бўлган вақтимда масалани ҳал қилиш учун қўлимдан келган барча ишни қилдим, аммо менга қарши очилган жиноят иши ва ҳибсга олиш қарорлари туфайли ҳеч қандай натижага эриша олмадим. Мен айбсизлигимни исботлаш учун ўз хоҳишим билан Туркия суд тизимига таслим бўламан. Туркия суд идоралари томонидан чиқариладиган қарорга ва ҳақиқатни топишимизга шубҳа қилмайман», деди у.
77 мингдан ортиқ кишидан пул олган
Sabah газетасида 2018 йилда Дилек Гунгор томонидан эълон қилинган хабарда Капитал бозорлари кенгашининг (SPK) ҳисоботига кўра, Çiftlik Bank 2016-2017 йилларда 77 минг 843 кишидан 511,7 миллион лира тўплаган.
Хабарга кўра, 62 минг 877 кишига 398,3 миллион лира тўланган, қолган 113,4 миллион лира эса Шимолий Кипрда ташкил этилган Fame Game компаниясига ўтказилган. Пуллар у ердан Çiftlik Bank бош директори ва асосчиси Меҳмет Ойдин ва унинг рафиқасининг шахсий ҳисоб рақамларига юборилган.

Çiftlik Bank нима?
Çiftlik Bank номли ўйинга 2016 йил август ойида Меҳмет Ойдин томонидан асос солинган.
Ижтимоий медиа ўйинларидан бири бўлган FarmVille’дан илҳомланиб яратилган Çiftlik Bank’да ўйинчилар турли олтин қийматларга эга бўлган турли қишлоқ хўжалик ҳайвонларини сотиб олишлари мумкин эди.
Умр кўриш давомийлиги 365 кун бўлган ҳайвонлар учун эса ем ва омбор харажатлари талаб қилинган. Ушбу харажатларни қоплаш учун ҳам боқилган ҳайвонлар билан пул топиш учун рақамли тўлов тизимлари ишлатилиши мумкин эди.
Мавзуга оид
20:37 / 16.03.2026
Жиззахда «оперативник» фириб устида қўлга олинди
21:12 / 15.03.2026
Жиззахда тендерда ғолиб чиқишга ёрдам бериш эвазига пул талаб қилганлар ушланди
09:12 / 09.03.2026
ДХХ тезкор тадбирларида икки нафар шахс пул олаётган вақтда ушланди
11:39 / 28.02.2026