Жамият | 12:53 / 05.07.2021
1146
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда «Каптива» сотиб олмоқчи бўлган аёлнинг 250 миллион сўм пулини ўзлаштирган шахсларга жиноий иш қўзғатилди

Қарши шаҳрида «Каптива» сотиб олмоқчи бўлган аёлнинг 250 миллион сўм пулини ўзлаштирган шахсларга жиноий иш қўзғатилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Қарши шаҳар «Комилон» МФЙда яшовчи уй бекаси Р.Н. машина сотиб олиш учун пул йиғган. Бундан хабар топган Қарши тумани «Ўзбекистон мустақиллиги» МФЙда яшовчи А.Ш. ва «Батош» МФЙда яшовчи О.Ш. ва Қарши шаҳар «Қарлиқбоғот» МФЙда яшовчи Д.С. 2020 йил 11 июнь куни «Каптива» машинасини сотиш учун унинг уйига боришган.

Қайд этилишича, Р.Н. уларнинг ваъдаларига ишониб, «Каптива» машинасини сотиб олиш учун 250 миллион сўм пулларни берган. Орадан бир неча кун ўтиб, «Каптива»ни ўз номига ўтказиб олмоқчи бўлганида машина тақиқда экани маълум бўлган.

Жабрланувчи Р.Н. юқоридаги уч шахсга машинани қайтариб берган. Аммо ўз пулларини қайтариб ололмаган. Шундан сўнг бу ҳақда Қарши шаҳар ИИО ФМБ 1-сонли ИИБга пулларни олишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар ИИО ФМБ тергов бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид