«Биз яшайдиган Булоқбоши тумани ўтган қишни деярли «свет»сиз, газсиз ўтказдик. Совуқ пайтлар электр тармоқлари чеклов сабаб электрни ўчиришаётганини айтишарди. Лекин Булоқбошида ёзнинг жазирама кунларида ҳам «свет» ўчяпти.

2 июль куни ҳам туман марказида кундузи 3 соатга электр таъминоти тўхтатилди. Муаммоли ҳолат иссиқ кунларда, айниқса тадбиркорларни қийнамоқда. Маҳсулотлари айниб қоляпти, иш тўхтаяпти.

Туман ҳудудий электр тармоқларига алоқага чиқсак, вилоятдан ўчиришаётгани, чеклов борлигини айтиб изоҳ беришади. Энди ёз кунлари ҳам электрга чеклов қўйиляптими?» дейилади шундай мурожаатлардан бирида.

Худди шу каби хатлар Фарғона вилоятининг Учкўприк, Наманган вилоятининг Янгиқўрғон, Андижон вилоятининг Андижон шаҳри ва Олтинкўл туманларидан ҳам келган.

Айни пайтда Ўзбекистонда аномал даражада иссиқ об-ҳаво ўз ҳукмини ўтказяпти. Бундай пайтда уйларни совитиш, маҳсулотларни сақлаш учун электр ҳар доимгидан кўра зарурроқ.

Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари «Ҳудудий электр тармоқлари» корхоналари мутасаддиларидан муаммоли ҳолат юзасидан изоҳ сўрадик.

Фарғона «Ҳудудий электр тармоқлари» жамияти раҳбари Азизбек Сайдалиев:

«Ҳозирги кунда Фарғона вилояти ҳудудида электр энергияси таъминотида ҳеч қандай чеклов йўқ. Муаммо шундаки, ҳаво кескин исиб кетиши оқибатида трансформаторлар қизиб кетмоқда. Айниқса, катта подстанцияларда ишлаб турган трансформаторларда юклама ортиши туфайли қизиш ҳолати юзага келмоқда.

Трансформаторлар ичидаги ўрамни совитиб турувчи ёғ қайнаб кетаётгани сабаб, икки-уч соатга ўчириб совитишга тўғри келяпти. Трансформаторларда мавжуд совитиш тизими ва қўшимча «обдув» ҳам иссиқ ҳаво ҳароратини кўтара олмаяпти. Узилишлар сутканинг фақат кундузги соатларида қуёш қаттиқ қиздирган пайтга тўғри келиб, тунги соатларда муаммо йўқ.

Қайси ҳудудга бириктирилган трансформаторда қизиш юзага келса ўша ҳудуд ўчирилади. 3 июль куни Фарғона шаҳрининг айрим ҳудудлари ҳам ўчирилди. Мунтазам электр энергияси етказиб берилишини назоратга олиш учун навбатчилик ташкил қилганмиз.

Бундан ташқари, режали равишда таъмирлаш ишлари олиб борилаётган линияларда электр таъминоти ишлар якунлангунича берилмайди», дейди А.Сайдалиев.