Жамият | 16:40 / 08.07.2021
39399
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ИИБ ходими ва маҳалла фуқаролари ўртасида низо чиқди. ИИББ фуқароларни айблади

Ижтимоий тармоқларда ИИБ ходими кекса эркакни ушлаб олиб кетмоқчи бўлаётгани, бу вақтда бир неча маҳаллий фуқаро билан жанжал юзага келгани акс этган видео тарқалди. Жараён давомида ИИБ ходими вазиятни видеога олган шахсдан ҳужжат кўрсатишни талаб қилган.

Ҳолат бўйича Тошкент шаҳар ИИББ расмий муносабат билдирди. Унда айтишича, ИИБ ходимини отахоннинг фарзанди чақиртирган.

“2021 йил 8 июль куни тахминан соат 10:40ларда Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилувчи 1972 й.т. Дилмурод М. 102 рақамига қўнғироқ қилиб, отаси 1935 й.т. Абдуфаттоҳ М. маст ҳолатда бўлатуриб, уйда жанжал, тўполон кўтарганини маълум қилиб, ёрдам сўраган.

Ҳодиса жойига тезкорлик билан Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ профилактика инспектори майор Улуғбек Яхшибоев етиб келган.

Профилактика инспектори Абдуфаттоҳ М.ни ички ишлар бўлимига олиб бориб ҳолатни батафсил ўрганмоқчи бўлганда, жанжалга қўшнилар аралашишган. Вазиятдан тўлиқ хабардор бўлмаган қўшнилар нотўғри хулоса чиқариб, инспекторнинг хизмат фаолиятига тўсқинлик қилишган ва профилактика инспектори билан жанжаллашган”, – дейилади ИИББ ахборотида.

Бошқарма ўз баёнотида “маҳалла аҳолиси ички ишлар органи ходимининг фаолиятига фаол қаршилик кўрсатган” деб ҳисоблашини билдирди.

Фуқаролар “вазиятни билмасдан, ҳолатни тўлиқ ўрганмасдан, профилактика инспектори билан конструктив тарзда суҳбатлашмасдан, унга қўполлик қилишган, унинг хизмат кийимига шикаст етказишган”, деб ҳисобламоқда шаҳар ИИББ. Бироқ видеода кўриш мумкинки, фуқаролар ИИБ ходимини мулоқотга таклиф қилган, яъни ИИББ баёнотидаги “конструктив тарзда суҳбатлашмаган” иддаосини ходимга нисбатан ҳам ишлатиш мумкин.

Ҳозирда ҳолат юзасидан текширув ўтказилмоқда.

Профилактика инспекторига нисбатан ҳам хизмат текшируви тайинланган.

Раҳматилла Исроилов
Тайёрлаган Раҳматилла Исроилов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид