Kun.uz мухбири бу борада мамлакатни кутаётган қийинчиликлар, соҳага янги технологияларни жалб қилиш ва умуман, сув муаммоларига мослашиш жараёнлари борасида қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Усмон Норқулов билан интервью уюштирди.
Интервьюнинг биринчи ва иккинчи қисмлари аввалроқ эълон қилиниб, матнлаштирилган ҳолда тақдим этилган эди. Қуйида суҳбатнинг учинчи қисми матни жузъий қисқартиришлар билан эълон қилинмоқда.
— Ўзбекистонда сув етишмовчилиги йилдан-йилга жиддий муаммога айланар экан, томорқачилар, фермер ва кластер эгалари ўртасида келишмовчиликлар, қонли жанжаллар ҳам кўпаймоқда. Афсуски, шу каби вазиятларнинг кўпида қўлида кучи бор одамгина сув ололяпти.
Хўш, қонунчилик бўйича томорқачи, фермер ёки кластер эгаси мавсум давомида қанча сув олиши керак?
— Бизда сув бўйича доим муаммолар бўлган. Шуларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистонда 1993 йили «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинганди.
Фикримча, муаммо қонунчиликда эмас, унинг ижросида. Бунда кластердан тортиб, деҳқон, томорқа хўжаликларигача амалдаги қонунга амал қилиши керак.
Иккинчидан, биз ҳар йилги мавжуд сув ресурсларини олдиндан тахмин қилиб, ишни шунга қараб ташкил қилишимиз керак. Сувдан фойдаланиш режаларимиз керак бўлса, ҳар бир экин туригача аниқ бўлиши керак. Бусиз иложи йўқ, сув етишмовчилиги бизда катта муаммо эканлиги сир эмас.















