23:41 / 10.07.2021
12406

1-синфга онлайн қабулнинг 2-босқичига ўтилди

Умумтаълим мактабларининг 1-синфига ўқувчиларни онлайн қабул қилиш жараёнларининг 2-босқичи бошланди, дея маълум қилди Халқ таълими вазирлиги.

Бунда ота-оналарнинг яшаш манзили бўйича (доимий ёки вақтинчалик рўйхат асосида) бириктирилган микроҳудудидаги мактабига юборилган аризалари қабул қилинади.

“Ҳурматли ота-оналар! Бунинг учун my.maktab.uz платформаси ёки тизимнинг мобил иловаси ёрдамида шахсий кабинетингизга кириб, “Менинг аризаларим” бўлимида мактабга (микроҳудуддаги) бориш куни ва вақтини белгилашингиз мумкин. Навбат белгилаш бўйича йўриқнома қуйидаги иловада.

Мактабга борганингизда фарзандларингиз соғлиғи тўғрисида тиббий маълумотноманинг асл нусхасини олишни унутманг.

Мактаб маъмурияти заруриятга кўра электрон платформа орқали юборилган маълумотларнинг ҳаққонийлигини ўрганиш учун ота-оналардан шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва туғилганлик ҳақидаги гувоҳноманинг асл нусхасини талаб этишга ҳақли”, – дейилади ХТВ ахборотида.

Эслатиб ўтамиз, микроҳудуд бўйича қабул жорий йилнинг 31 июлига қадар амалга оширилади.

Ота-оналар микроҳудуддан ташқари ихтиёрий танланган иккинчи ва учинчи мактаблар учун қабул жараёни 1-15 август кунлари ўтказилади.

Мактабларда микроҳудуд бўйича қабул комиссияси ҳафтанинг душанба-жума кунлари соат 10:00 дан 16:00 га қадар (13:00-14:00 тушлик вақти) амалга оширилади.

Аввалроқ 1-синфга онлайн қабул муддати узайтирилган, халқ таълими вазири ўринбосари техник муаммолар юзасидан Kun.uz орқали изоҳ берганди.

Top