22:04 / 11.07.2021
8296

Британиялик миллиардер фазовий парвозни амалга оширди

Фото: Getty Images

Британиялик миллиардер Ричард Брэнсон 5 кишилик жамоаси билан бирга 100 кмга яқин баландликка парвоз қилди. Брэнсон суборбитал парвозни Virgin Galactic компаниясининг Unity космолётида амалга оширди. Космолёт Ер атмосфераси ва фазо ўртасидаги шартли чегара ҳисобланувчи Карман чизиғига етган.

Қурилма АҚШнинг Нью-Мексико штатидаги “Америка” космодромидан икки фюзеляжли самолёт-ташувчи White Knight Two ёрдамида орбитага чиқарилди. Ушбу қурилма Брэнсоннинг онаси шарафига Eve (Эва) деб номланган.

Парвоз дастлабки режага кўра маҳаллий вақт билан соат 16да бошланиши керак эди, бироқ об-ҳаво шароити сабабли 1,5 соатга кечиктирилган.

15 км баландликда космолёт самолёт-ташувчидан ажралиб, 100 км баландликка йўл олган.

Брэнсон билан бирга қурилмада синовчи-учувчилар Дэйв Макай ва Майкл Мазуччи, тадқиқотлар учун масъул ходим Сириша Бандла, компаниянинг етакчи муҳандиси Колин Беннет ва астронавтларни тайёрлаш дастури бошлиғи Бет Мозес бўлган.

9 кундан кейин дунёнинг энг бадавлат одами Жефф Безос ҳам фазога парвоз қилади. У парвозни ўзига тегишли Blue Origin компанияси ишлаб чиққан New Shepard кемасида амалга оширади. Компанияда таъкидланишича, Unity’нинг парвозини Ердан етарлича баланд кўтарилмагани сабабли фазовий парвоз деб ҳисоблаб бўлмайди. Компания Брэнсоннинг кемасини “юқори баландликларда учувчи самолёт”, ўз кемасини эса “ҳақиқий ракета” деб атаган.

Top